Ўзбекистон | 12:50 / 27.07.2022
3195
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» акцияларини халқаро бозорларга жойлаштиришни кечиктириши мумкин 

2022 йил 21 июль куни Rothschild & Cie компанияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳининг Лондон шаҳрига сафари якунлари, халқаро банклар ва еврооблигациялар эгалари билан ўтказилган учрашувлар якунлари муҳокама қилинди.

“Ўзбекнефтгаз" жорий геосиёсий вазиятнинг компания фаолиятига таъсири, GTL заводида биринчи синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, барқарор ривожланиш (ESG) ва корпоратив ислоҳотлар йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишларни қамраб олган инвесторлар билан глобал учрашув ўтказилишини маълум қилди.

Rothschild & Cie компанияси раҳбарияти “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг трансформация жараёнида илғор глобал бизнес амалиётини жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.

Капитал бозорлари ҳозирги ўзгарувчанлигини ҳисобга олиб, маслаҳатчилар асосий эътиборни тайёргарлик жараёнига қаратишни ва молия бозорларидаги вазият барқарорлашгандан кейин IPO’га чиқиш режаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тавсия этди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Компания ҳақида дастлабки ва ижобий фикрни шакллантириш учун тўғридан тўғри потенциал инвесторлар билан учрашувни 2022 йил охирида ташкил этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилди ва халқаро бозорда газ компанияларига инвесторлар қизиқиши ортиб бораётгани маълум қилинди.

Rothschild & Cie компанияси корпоратив маданиятни ошириш, ESG ҳисоботини жорий этиш, молиявий ҳисоботларни чиқаришни тизимлаштириш, қарз портфели ҳолатини яхшилаш орқали IPO’га тайёргарликни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Маълумот учун, Rothschild & Cie - инвестиция банки компанияси. 1983 йилда Парижда (Франция) ташкил этилган.

Мавзуга оид