2021 йил декабр ойида Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган янги Қўйлиқ деҳқон бозори, яъни Food city'нинг тақдимоти ўтказилганди. Ва ниҳоят, замон талабларига жавоб берадиган савдо маркази ўз фаолиятини бошлади. Эндиликда мазкур йирик агрокластердан деярли барча турдаги маҳсулотларни улгуржи ва чакана савдоларда, ҳамёнбоп нархларда сотиб олиш мумкин.

30 июл куни бўлиб ўтган очилиш маросимида юртдошларимиз савдо мажмуасининг шароитлари, нарх-навоси билан батафсил танишишди.

Концерт шаклида ўтган очилиш маросимида, дастлаб, озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдирилган 5 та “Олтин аравача” ютуқли ўйини ўтказилди.

Ўйинда ғолиб бўлган 5 нафар юртдошимизнинг ҳар бирига мана шу маҳсулотлардан берилгач, барча меҳмонлар бирин-кетин бозор расталари томон йўл олишди. Айтиш лозим, у ерда яратилган шароит, маҳсулотлар сифати ҳамда нархлари кўпчиликка манзур келди.

Харидорлардан бирининг айтишича, иссиқ ҳавода салқин жойда бозорлик қилиш қулай. “Тозалиги, ҳамма маҳсулотлари тартиб билан жойлаштирилгани жуда ёқди”, – дейди у.

“Бир айланиб чиқишда анча катта бозорлик қилдик, узум, тухум олдик. Нархлари кўнглимиздагидек, ҳамма нарсаси ёқди. Бу сафар ўзимиз келдик, кейингисида фарзандларимизни юборамиз”, – дея қайд этади яна бир юртдошимиз.