Ўзбекистон | 11:40 / 19.08.2022
8904
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида содир бўлган ЙТҲда 1 киши ҳалок бўлди

Ҳодисада учта “ЗИЛ-130” юк машинаси, ЙПХга тегишли Cobalt, жами ўнга яқин машинага турли даражада шикаст етган. 1 киши воқеа жойида вафот этган. Иккинчи киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

Видеодан кадр

Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 18 август куни соат 23:30 ларда, М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган 1010-километрида ўнга яқин транспорт воситаси иштирокида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида яшовчи ҳайдовчи бошқарувидаги “ЗИЛ-130” юк машинаси йўлда носоз ҳолда тўхтаб қолган. Шу ерда хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори Cobalt русумли ЙПХ хизмат машинасида маёқчаларини ёқиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаб турган вақтида Зомин туманида яшовчи ҳайдовчи яна бир “ЗИЛ-130” юк машинаси билан ЙПХ машинасининг чап томонини қириб ўтиб, олдинда носоз ҳолда тўхтаб турган “ЗИЛ-130”нинг орқа қисмига урилган.

Шундан сўнг тирбандлик туфайли бир нечта транспорт воситалари йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб қолган. Шу пайтда орқадан келаётган Зомин туманида яшовчи ҳайдовчи бошқарувидаги яна бир “ЗИЛ-130”нинг тормоз тизими ишламай қолган.

Оқибатда, мазкур машина Самарқанд вилоятида яшовчи пиёдани уриб юбориб,  ҳаракатланишда давом этган ва ЙПХга тегишли Cobalt хизмат машинасининг орқасидан уриб, техник шикаст етказган.

Мазкур ЙТҲ оқибатида, носоз ҳолда тўхтаб қолган “ЗИЛ-130” юк машинасининг 2001 йилда туғилган ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган. Яна икки нафар фуқаро тан жароҳати олган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Муборак туманида содир бўлган ЙТҲда иккита машина ҳамда уларда бўлган 8 киши тириклайин ёниб кетганди.

Мавзуга оид