Жаҳон банки Ўзбекистон ҳақида эълон қилган энг охирги ҳисоботида мамлакатда олигархия вужудга келиши эҳтимоли юқори эканидан огоҳлантирган. Хўш, бу нимани англатади? Умуман, Ўзбекистонда даромадлар тенгсизлиги қай даражада?

Кun.uz шу каби саволлар билан Жаҳон банки катта иқтисодчиси Уилям Зейтцга мурожаат қилди.

— Жаҳон банки Ўзбекистондаги тенгсизлик бўйича охирги марта 2003 йилда ҳисобот эълон қилган. Ўтган даврда энг юқори даромадлилар ва энг паст даромадлилар ҳолати қанчалик ўзгарди?

— Мамлакатнинг тизимли диагностикаси номли ҳисоботимиз яқинда нашр этилди. Биз бу масала борасида таҳлил ўтказдик. Узоқ муддат бўйича солиштирма таҳлил ўтказишнинг ўзига яраша мураккабликлари бор. Чунки орадан жуда узоқ вақт ўтган. Тадқиқотимизда 2015 йилдан ҳозиргача бўлган даврни қамраб олишга ҳаракат қилганмиз. Шу даврдаги қуйи ва юқори қатламдаги даромадларнинг ўзгаришига эътибор қаратдик.

Хулоса шундан иборатки, 2017 йилдан кейин инфляция бўйича тузатишлар киритилганда бу жуда кўп одамларга ўз таъсирини кўрсатди. 2017 йилгача эса ҳатто иқтисодиёт ўсса ҳам даромадлар ўсиши кузатилмаганди. Яъни иқтисодиётнинг ўсиши тақсимоти кўпгина одамлар манфаатига тенг бўлмади. Бу энг катта муаммо эди. Ўз навбатида, бу камбағалликнинг ўсиб боришига ҳам ҳисса қўшарди.

Биз таҳлил қилган статистик маълумотларга кўра, 2017 йилдан бошлаб аҳолининг даромадлари ўсиб борди ва умумий аҳоли даромадлари вилоятларда ҳам турли йўллар, шу ўринда пул ўтказмалари сабаб ҳам ўсди. Ҳатто инфляция ўсса ҳам, даромадлар ортда қолмади. Умумий аҳолининг даромадлари ўсиши ижобий баҳоланди.

Шу билан муаммо ҳам бор эди, яъни энг юқори 10 фоиз аҳоли даромадлари қуйидаги 10 фоизга нисбатан тезроқ ўсиб борди. Шунинг учун биз қайси йўналишда ривожланиб боришини тушуниш учун ушбу жараённи жуда яқиндан кузатишимиз лозим. Яъни муайян муддат ва ҳеч бўлмаганда 2019 йилдаги маълумотларга қарасак, даромадлар ўсиб борди ва айтилганидек, юқори даромадлиларнинг даромадлари паст даромадлиларга нисбатан тезроқ ўсди.

— Ўзбекистонда даромадлар тенгсизлигига таъсир этувчи омиллар ва ташқи таъсирларни айтиб бера оласизми?

— Бир нечта ташқи зарбалар бор. Глобал даражада инфляциянинг ўсиши барча Марказий Осиёдаги давлатлар учун умумий омилдир, хусусан Ўзбекистон учун ҳам. Озиқ-овқат нархлари жуда тез суръатларда ўсмоқда ва уларнинг нархлари одамлар харид қилувчи бошқа нарсаларга қараганда тезроқ ошяпти. Бу хусусан паст даромадли одамлар учун кўпроқ қийинчилик туғдиради, чунки улар ўз маблағларининг аксар қисмини озиқ-овқатга сарфлайди.