Ишлар ўлда-жўлда ташлаб қўйилгани, масалага аввалги ҳоким Даврон Ҳидоятов пайтида ҳам, вилоятга Зоир Мирзаев раҳбар бўлиб келганидан сўнг ҳам эътибор қаратилмаётгани ҳақида Kun.uz бир неча марта ёзди. Бу мақолалар керакли манзилга етиб борди чоғи, бизга тутқич бермай келаётган мутасаддилар ниҳоят кўриниш берди.

12 октябр куни вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган матбуот анжуманида қурилиш учун масъул идора ва ташкилотлар жам бўлди. Очиғи, матбуот хизматининг бу ташаббусидан хурсанд бўлдик, боиси, ҳеч қаердан топиб бўлмаётган мутасаддиларни бир жойга йиғиб берди. Аммо матбуот анжумани давомида масъуллар муаммони ҳал қилиш ўрнига, юзага келган вазият учун айбни бир-бирларига ағдариш билан андармон бўлишди. Сансалор, мансалор, отга бедани ким солар нақлини эсладик ўша тобда.

Буюртмачининг маълум қилишича, ерости туннели қурилиши лойиҳасининг қиймати 74 млрд сўмга тенг. Шундан 2022 йил учун 20 млрд сўм ажратилган ва ҳозиргача бу маблағнинг 13,5 млрд сўми сарфланиб бўлинган. Буюртмачи ҳудуддаги “снос” масалалари ва бошқа муаммолар ҳал этилмаётгани учун кўприк қурилиши тўхтаб қолганини айтмоқда.

“Бизда 4 та турар, 21 та нотурар жой биноларини бузиш ва 72 та дарахтни кесиш муаммо бўлиб турибди. “Стенка”ларни олиб келиб қўйганмиз, лекин қурилишни давом эттиришнинг имкони бўлмаяпти. Шу масалада Зангиота тумани ҳокимиятига мурожаат қилганмиз, бу бўйича вакиллар бизга ваъда беришган. Масала ҳал бўлмагунга қадар қурилишни қила олмаймиз. Бундан бошқа муаммо йўқ. Пул бор, пудратчи ишлаяпти. Фақат шу бузилиш бўлса, ишларни тезда давом эттириб кетамиз”,– дейди “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДУК директорининг биринчи ўринбосари Ғулом Зоҳидов.

Ғулом Зоҳидов, “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДУК директорининг биринчи ўринбосари (чапдан биринчи). Фото: Kun.uz