Қайд этилишича, воқеа 7 октябрь куни содир бўлган. Наманган вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Toyota Land Cruiser русумли автомашина (давлат рақами 50 010 DAV) Наманган-Уйчи-Учқўрғон йўлининг 8-километрида йўлни кесиб ўтаётган, 2017 йилда туғилган фуқарони туртиб юборган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, болакай зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Тиббий текширувлар натижасида жабрланувчида жиддий шикастланиш аниқланмагани, фақатгина юз соҳасида шилиниш бўлгани, қўшимча даволаниш талаб этилмаслиги айтилмоқда. Болага шифохонада тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
“Ҳозирда йўловчининг аҳволи яхши ва ўзининг уйида одатдаги ҳаётий фаолиятини давом эттирмоқда”, дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан тарқатилган хабарда.
Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаси бўйича барча ҳужжатлар ИИБ томонидан расмийлаштирилган. Бироқ ушбу ЙТҲ ҳақида шу пайтгача на ИИВ, ЙҲХБ ва на вилоят ИИБ, ЙҲХБ томонидан расмий хабар берилган.
Вилоят ИИБ, ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Эркин Сатторов Daryo.uz нашри мухбири билан мулоқотда жамоатчиликдан сир тутилган ҳодиса чиндан рўй берганини тасдиқлаган, бироқ ЙТҲ тафсилотларини очиқлай олмаслигини маълум қилган.
“Ҳа, воқеа содир бўлган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати воқеа ҳақида батафсил маълумот беришини билдирган. Шу боис биз бу ҳақда ахборот бермадик. Ҳозир ҳам сизга воқеа тафсилотларини очиқлай олмайман”, – дея таъкидлаган мутасадди.
Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби Фарҳод Мамадалиев Daryo.uz’га берган интервьюсида ЙТҲ вақтида Шавкат Абдураззоқов машинада бўлмаганини билдирган.
“Ҳолатдан батафсил хабарим йўқ. Воқеа вилоятнинг Уйчи тумани йўлида содир бўлган. Менга берилган маълумотга кўра, автомобиль йўловчига секин урилган. Шу заҳоти ҳайдовчи уни шифохонага олиб борган ва тўлиқ текширувдан ўтказган. Йўловчида ҳеч қандай синиш, чиқиш каби жароҳатлар кузатилмаган. Айни пайтда у соппа-соғ”, деган Фарҳод Мамадалиев.














