Сентябр ойида Харкивда муваффақиятли қарши ҳужум амалга оширилгач, Украина армияси Россия чегарасига яқинлашди. Шундан бери Россиянинг Украинага чегарадош Белгород области деярли ҳар куни ўққа тутилмоқда. Украина босқини бошланганидан кейинги 8 ой ичида белгородликлар ҳарбий амалиётлар садосига ўрганиб қолган, чегарага яқин қишлоқлар эса бир неча бор эвакуация қилинган. Аммо ҳозир баъзилар бунга дош бермасдан Россия ичкарисига кўчиб кетишга уринмоқда.

(Мақоладаги барча қаҳрамонларнинг исми уларнинг илтимосига кўра ўзгартирилди).

22 октябр, шанба куни Шебекино шаҳарчасида яшовчи 35 ёшли Алина Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери биринчи марта Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан SMS-хабар олди: «Диққат! Шебекино ўққа тутилмоқда. Зарур нарсаларингизни олиб, ертўлага (бошпанага) тушинг. Кўчага чиқманг!»

Илгари ФВВ бундай хабарларни юбормас эди.

«Ҳукуматимизнинг қўлидан келадигани шу. Бу ерда бомба бошпаналари бор ёки йўқлигини билмаймиз, ҳеч ким тушунтирмайди. Шунчаки ертўлага тушиш сўраляпти. Кимда ертўла бўлса, яширинади. Лекин одамлар фақат шанба кунидан (22 октябр) яширина бошладилар. Бундан олдин ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Ростини айтсам, биз ўша куни ҳеч қаерга яширинмадик. Ҳар доимгидек бўлса керак деб ўйладик. Кўникиб қолганмиз», деб шикоят қилади Алина.

«Эрталабдан кечгача гумбурлаш овозлари»

Шебекино – Белгород областидаги чегарага яқин кичик шаҳарча. Сўнгги 10 йил ичида унинг аҳолиси доимий равишда қисқариб борди ва 2021 йилда 40 минг кишидан камайди. Бу йил одамлар уруш туфайли Шебекинони тарк эта бошлади – шаҳарчадан Украина чегарасигача беш километрдан сал кўпроқ масофа. Бу ерда ҳарбий ҳаракатлар овозлари аниқ эшитилиб туради. Сўнгги пайтларда эса шаҳарча мунтазам равишда ўққа тутилмоқда.

Маҳаллий расмийлар ўққа тутишларда Украина армиясини айбламоқда. Украина ҳукумати ўз қуролли кучлари Россия ҳудудини ўққа тутаётганини тан олмайди ва буни россиялик ҳарбийларнинг хатолари ёки Россия ҳаво мудофаа тизими Россия ракеталарини уриб тушираётгани билан изоҳлайди.

Шебекино аҳолиси ҳаво ҳужумидан мудофаа техникаси, ҳарбий вертолётлар, миномётлар ва артиллерия шовқинини эшитишади, агар ўққа тутиш оқибатида ёнғин чиқса, паға-паға тутунни кўришади.

Август ойида Белгород губернатори Вячеслав Гладков Шебекино ва бошқа чегара ҳудудлари аҳолисини ўққа тутишларнинг яна бир оқибати ҳақида огоҳлантирди. У портламай қолган ўқ-дорилардан эҳтиёт бўлишни, уларга тегмасликни сўради: «Бизда катта фожиа юз берди, болакай патронлардан бирини бўлакламоқчи бўлди ва панжасидан айрилди».