Kun.uz мухбири Самарқандда содир бўлган шубҳали ўлим ҳодисаси аслида қандай юз берганини ўрганиш мақсадида Болиевнинг яқинлари ҳамда ҳодисага алоқадор томонларни эшитиб, журналистик суриштирув олиб борди.

Болиев Оқдарё туманидаги ота уйида яшаб келган. Фарзандларининг алимент пулини вақтида тўлолмагани учун 2022 йил 25 октябр куни унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Марҳумнинг яқинлари Рашид айрим кунларда ўзи ишлайдиган машина ювиш шохобчасида ҳам тунаб қолганини айтмоқда. Охирги марта уни 20 октябр куни кўришган.

Марҳумнинг отаси Нор Болиев ўғли билан боғлиқ шунча ҳаракатлар бўлиб ўтганидан сўнг, аниқроғи у вафот этгач хабар топганидан норози бўляпти.

“Нега МИБ ходимлари ўғлимга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган вақтда бир оғиз хабар бериб қўйишмади? Биз ҳаракат қилиб ўша қарзни тўлардик. Ёки ички ишлар ходимлари ўғлимда руҳий ўзгариш бўлган пайтда бизга хабар бермади? Нега шифохоналар ўғлим ўлиб бўлгач, бизга хабар беряпти? Боламда ҳеч қандай сурункали хасталик ёки руҳиятида бузилиш бўлмаган. Бунга ишонмайман. Агар шундай бўлса, буни биз йиллар давомида билишимиз керак эди”, - дейди Рашиднинг отасимарҳумнинг .

Жамшид Болиевга кўра, унга дастлаб маҳалла раиси укасининг вилоят руҳий касалликлар шифохонасида эканлигини маълум қилган. У шифохонага етиб борган пайтда укаси аллақачон вафот этгани айтилган.

 “Шифохонада ўлим сабабини сўраганимда, у ерга оғир аҳволда олиб келинганини айтишди. Шифокорлар укам билан суҳбатлашишганда, уни ички ишлар ходимлари урганини айтишган. Укам соғлом йигит эди, унинг ўз ажали билан ўлганига ишонмайман”, - деди Жамшид Болиев.

Марҳум вафот этганидан сўнг унинг бир нечта жойларида жароҳат излари аниқланган. Бизга тақдим қилинган суратларда унинг юз, қулоқ, бурун қисмида, шунингдек, оёқларида ҳам қонталаш жароҳатлар кўриниб турибди.

Алимент ундириш масаласи билан шуғулланган Мажбурий ижро бюросининг Оқдарё туман бўлими ходими Асрор Рўзиев ҳам Рашиднинг руҳий муаммоси бўлмаганини айтмоқда. Одатда иш судга тақдим қилинишидан аввал махсус тизим орқали фуқарога оид маълумотлар инобатга олинади.