15 яшар ўсмирнинг ўлиги чиққан ИИБ маркази раҳбари ва икки ходими ишдан олинди
Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходим интизомий жазога тортилган, яна 4 нафар ходим навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
16 октябрь куни Фарғона вилоят ИИБ тасарруфидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб келинган 15 яшар ўсмир 18 октябрь куни шу муассасада вафот этгани ортидан марказ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган эди.
Фарғона вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ИИВ томонидан ўтказилган хизмат текшируви якуни бўйича Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга “Ҳайфсан” берилган. 4 нафар ходим эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
Аввалроқ ўлим юз берган кунда навбатчилик қилган 2 нафар ички ишлар органи ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмагани учун вазифасидан четлатилган ҳамда уларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, 15 яшар ўсмир Бувайда тумани ИИБ бошлиғининг 16 октябрдаги қарори билан Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Вилоят прокуратурасига кўра, марказга жойлаштирилган куннинг эртасига, яъни 17 октябрда йигитнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетган. Шундан сўнг, тез ёрдам ходимлари унга тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши» сабаб бўлган. Расмийлар марҳум марказдаги саккиз нафар бола билан содир бўлган муштлашувдан сўнг ўлганини айтишмоқда. Бироқ боланинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. Kun.uz суриштируви давомида боланинг ўлими анча вақт унинг яқинларидан сир тутилгани маълум бўлди.
Айни пайтда, мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов рўй берган ҳодиса юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида икки киши қамоққа олинганини айтган. Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Daryo нашрига бувайдалик ўсмирнинг ўлимида саккиз нафар шахс гумонланаётганини маълум қилган.
Мавзуга оид
17:44 / 29.09.2024
Фарғонада газдан ноқонуний фойдаланиб давлатга 5,5 млрд сўм зарар етказган шахслар ушланди
10:41 / 28.09.2024
Фарғонада бетоб қизнинг номидан саҳифа очиб пул йиғиб, ўзлаштирган шахс ушланди
21:27 / 25.09.2024
Тошкентдан олиб қочилган машина Қамчиқ довонида ушланди
13:35 / 21.09.2024