16 ноябр куни Энергетика вазирлиги электр ва газ таъминотидаги узилишлар бўйича матбуот анжумани ўтказди.
Вазир ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг сўзларига кўра, узилишларнинг 90 фоизига сабаб – электр генерацияси учун ёқилғи, яъни табиий газнинг етишмаслигидир.
“Мен очиқ айта оламан, бугунги кунда электр таъминотидаги узилишларнинг 90 фоизининг сабаби – электр тармоқларининг эскиргани ёки қуввати камлиги эмас, балки электр станцияларимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигидир.
Албатта, бу ерда савол туғилади: сиз қандай технологияни ишлатишингиз бизга қизиқ эмас, электр таъминотининг узлуксизлигини сизлардан талаб қилишга ҳаққимиз бор, дейишингиз мумкин. Буни шунчаки ҳисобот тарзида айтиб ўтяпмиз. Ўзбекистонда электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади”, – деди Шерзод Хўжаев.
Kun.uz'даги ишончли маълумотга кўра, хусусий компания – “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖга газ экспорти учун шу йил қабул қилинган ёпиқ қарор асосида эксклюзив имтиёзлар берилган. Боз устига, 2021 йилни ҳисобга олмаганда, охирги 6 йилда газ қазиб олиш фақат камайиб боряпти.
Kun.uz мухбири матбуот анжуманида шу ҳақда айтиб ўтди ва электр узилишларининг асосий сабаби дея кўрсатилган газ етишмовчилиги юзасидан савол берди: “Ерости бойликларини Ўзбекистон давлати ихтиёрига тўлиқ қайтариш вақти келмадимикан?”
Вазир ўринбосари саволга жавобан имтиёзлар ҳақида ҳам, табиий бойликларни давлат ихтиёрига қайтариш ҳақида ҳам гапирмади; бунинг ўрнига хусусий компания газ қазиб чиқариш режасини ортиғи билан бажараётганига урғу берди.
“Саноат энергетика гуруҳи”га конларнинг берилиши газ таъминотининг ёмонлашувига олиб келдими, йўқми деган саволга аниқ жавоб айтаман. Кунлик газ қазиб чиқариш режасининг бажарилиши айнан “Саноат энергетика гуруҳи” тизимида 131 фоиз. Яъни компания газ қазиб чиқариб, ички бозорга йўналтириш бўйича ўз мажбуриятларини бажаряпти. Биз режани бажармаяпти ёки етарлича инвестиция киритмаслик натижасида газ қазиб чиқариш суръатлари тушиб кетяпти деб бу компанияга айблов қўя олмаймиз”, – деди Хўжаев.














