Тошкент трамвайини Франция компанияси қуради
Парижда имзоланган келишувга биноан, Тошкентда трамвай тизимини қуриш Франциянинг Alstom компаниясига топширилади. “Янги Ўзбекистон” боғига трамвай линияси олиб бориш биринчи навбатдаги масала бўлади.
Ўзбекистон президентининг Францияга ташрифи доирасида Тошкент трамвай тизимини лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича келишувга эришилди.
ЎзА хабарига кўра, Тошкентда трамвай тизими “тажрибали француз транспорт компанияси” томонидан лойиҳалаштирилади. Ҳозирда 3 та йўналиш режалаштирилмоқда. Энг аввало “Янги Ўзбекистон” боғигача трамвай линияси олиб бориш бўйича лойиҳа ишлари бошланади.
Gazeta.uz'нинг ёзишича, бу лойиҳага оид “йўл харитаси” 22 ноябр куни Парижда Ўзбекистон бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Франция ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги фуқаролар бўйича вазири Оливье Бешт томонидан имзоланган.
Келишувга кўра, Франциянинг Alstom машинасозлик компанияси Тошкентда 9,1 км узунликдаги трамвай линиясини қуради, унинг маршрути ҳозирча маълум қилинмади. Бу линияда йўловчи ташиш ҳажми кунига 78 минг кишини ташкил этиши режа қилинган. Қурилиш бошланиши 2024 йилнинг 2-чорагига мўлжал қилинган. Лойиҳа қиймати 167,4 млн еврога баҳоланган.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Шароф Раҳмоновнинг нашр билан суҳбатда маълум қилишича, трамвайлар тендер асосида сотиб олинади.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов трамвай линиялари қурилиши билан Alstom шуғулланишини нашрга тасдиқлаган, лекин маршрутлар ҳали аниқ эмаслигини билдирган.
Эътиборлиси, Маҳкамов бир ой олдин Kun.uz мухбирига Тошкентда трамвай бўлиши ё бўлмаслиги масаласида ҳали бир қарорга келинмаганини айтганди. Шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов эса Gazeta.uz билан суҳбатда охирги 3-4 ойдан бери Alstom компанияси билан лойиҳа устида маслаҳатлашувлар олиб борилганини билдирган.
Истиқболли йўналишлардан бири Тошкентни Янги Тошкент шаҳри билан боғлайдиган, Янги Ўзбекистон боғи олдидан ўтувчи Янги Ўзбекистон кўчаси деб кўрилмоқда. Бу йўналиш линияси “Дўстлик” метро бекатидан бошланиши мумкин.
Аввалроқ шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев трамвайни тиклашга оид икки йўналишда таклифлар тайёрланганини маълум қилганди. Биринчиси, ТТЗ мавзесидан Шимолий вокзалгача, иккинчиси Шимолий вокзалдан Чилонзор буюм бозоригача. Жўраев трамвайлар ортиқча шовқинсиз ҳаракатланадиган бўлишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси президентга тақдим этилган эди. Бош режа муаллифлари “нархи қимматлиги боис” трамвай тармоғини эмас, балки юқори тезликда ҳаракатланувчи автобус учун ажратилган йўлаклар қуришни таклиф қилишган.
Лекин тақдимотнинг рендер-видеоларида трамвай ва ер усти метроси кўринган. Видеода Янги Тошкентнинг бир қисми бўладиган Олимпия шаҳарчаси ҳудудида метро ҳаракатланаётганини кўриш мумкин. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкентда бўлиб ўтади. Бунга тайёргарлик доирасида Олимпия шаҳарчаси қурилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
16:12
Тошкент шаҳри ҳокимлиги кўчмас мулк сотиб олишда эҳтиёт бўлишга чақирди
23:20 / 18.01.2025
Тошкент метросида 19 ёшли йигит ўзини поезд тагига ташлади
17:44 / 17.01.2025
Тошкентда 4 нафар эгизак чақалоқ туғилди
16:20 / 16.01.2025