Жаҳон | 16:22 / 29.11.2022
8800
3 дақиқада ўқилади

Украина Словакиядан 30 та БМП-1 пиёда жанговар техникасини олди

Фото: Reuters

Украина Словакиядан 30 та БМП-1 пиёда жанговар машинасини олди. Бу ҳақда Словакия мудофаа вазири Ярослав Надь маълум қилди

Ускуналар Германия билан келишув асосида Украина томонига топширилди, дея тушунтирди Надь.

У Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехтга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Бундан олдин НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Атлантика альянсига аъзо давлатлар ўртасида Украинага қўшимча ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича янги музокаралар бошланишига умид қилаётгани айтилганди. 

29 ноябрь куни Бухарестда бўлиб ўтадиган НАТО ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши Киевни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигидан далолат бериши керак, у ҳам эҳтиёт қисмлар ва ўқ-дорилар етказиб беришга, ҳам аскарларни тайёрлашга тааллуқли бўлиши лозим, деди Столтенберг 28 ноябрь душанба куни Руминия президенти Клаус Йоханнис билан учрашувдан кейин.

Ўтган ҳафтада у Германиянинг Киевга Patriot ракеталарга қарши мудофаа тизимларини етказиб бериш имкониятини изоҳлаб, бу қарор «миллий даражада» қабул қилиниши кераклигини таъкидлаган эди. 

Украина билан чегарадан 5 км узоқликдаги Полшанинг Пшеводув қишлоғида ракета қулаши муносабати билан Германия Полша ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун Полшага Patriot тизимларини тақдим этишни таклиф қилди, бироқ Варшава ушбу тизимларни Украина ҳарбий ҳаво ҳудудига жойлаштиришни ёқлади. Ўз навбатида, Германия мудофаа вазири Кристине Ламбрехт НАТОда бу масала бўйича мунозаралар ўтказилиши кераклигини айтди.

Йенс Столтенбергнинг фикрича, Россия президенти Владимир Путин яқинлашиб келаётган қишдан Украинага қарши урушда қурол сифатида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. НАТО бош котиби Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига берган зарбаларига ишора қилиб, «Украинага ўзини бу даҳшатли уруш усулидан ҳимоя қилишда ёрдам беришимиз керак», деди.

Ташқи ишлар вазирларининг Бухарестдаги учрашуви нафақат Украинани қўллаб-қувватлашга, балки Россия билан муносабатларни янада ривожлантиришга ҳам бағишланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид