Донбасснинг марказий қисмидаги Бахмут шаҳри сўнгги ҳафталар давомида Украинадаги фронтнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб қолмоқда. Ҳар куни бу ердан шиддатли жанглар кечаётгани ва икки томон ҳам йўқотишларга учраётгани ҳақида хабарлар келиб турибди, Россия қўшини Днепрнинг чап соҳилига чекинганидан кейин бошқа участкаларда нисбатан тинчлик ҳукм сураётгани фонида бу айниқса сезиларли бўлмоқда. Россия Бахмутни олиш учун нега бу қадар қаттиқ ҳаракат қилмоқда?

«Бахмутдан жанубда Россия қўшини Озаряновка ва Андреевкага ҳужум қилди. Шу тариқа, улар Украина қуролли кучларининг Курдюмовкадаги гарнизонини икки томондан ўраб олиб, бу ҳудуддаги темирйўл линиясини узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда. «Вагнер» Клешчеевкага юриш қилмоқда. Бахмутдан жануби-шарқда шиддатли жанглар кетмоқда», дея ёзади россиялик ҳарбий мухбир Семён Пегов WarGonzo телеграм-каналида.

Россия қўшини Артемовскни (Бахмутнинг аввалги номи) қуршаб олиш арафасида экани ҳақида ҳафта бошида «ДХР» раҳбари Денис Пушилин ҳам айтганди.

Украинадаги манбалар ҳам Бахмут йўналишида шиддатли жанглар кетаётганини тасдиқлаган, аммо барча ҳужумлар бартараф этилаётгани айтилган.

«Бахмут атрофи душман жасадлари билан тўлиб бормоқда, босқинчилар штурм қилишга уринишда давом этмоқда, РФ раҳбарияти сафарбар қилинганлар ва маҳбусларни Украина қуролли кучлари позицияларига ҳайдаб келмоқда», дейилади Украинанинг UNIAN нашри хабарида.

Бахмут ҳудудида нималар бўлмоқда? Россия армияси бу шаҳарни эгаллаш учун нега бу қадар катта куч билан интилмоқда? Улар нега оғир йўқотишларга қарамай украинларнинг мустаҳкамланган позицияларига рўпарадан штурм қилиш тактикасидан воз кечмаяпти?

Бахмут атрофидаги вазият

Бахмут - Донбасс мезонлари бўйича Донецк области шимолидаги ўрта катталикдаги шаҳар бўлиб, муҳим транспорт тугуни ҳисобланади. Шаҳардан Лисичанск ва Северодонецкка, Северск, Словянск, Краматорск, Константиновка, Ҳорливка ва Луҳанскка олиб борувчи йўллар ўтади. Бу шаҳар 2022 йил майида, украин қўшинлари Попаснаядан чекиниб, россияликлар Словянск ва Краматорскни нишонга олишганида фронт чизиғидаги шаҳарга айланганди.

Ўша пайтдан Бахмутни мунтазам равишда ўққа тутиш бошланди. Урушга қадар бу ерда яшаган 70 мингдан ортиқ кишининг асосий қисми эвакуация бўлди, шаҳарда асосан қариялар қолган. Шаҳарда ичимлик суви ва электр йўқ, кўплаб бинолар вайрон қилинган.