16:39 / 15.12.2022
3918

Носозлик сабаб “Пушкин” метро бекатига кириб келган поезд тўхтаб қолган

Фото: Ижтимоий тармоқлар

14 декабр куни соат 8:00 атрофида “Чилонзор” линиясининг “Пушкин” бекатига кириб келган метро поезди носозлик сабаб тўхтаб қолган. “Тошкент метрополитени” ДУКнинг хабар беришича, бу ҳолат ҳаракат таркибининг айрим ёритиш мосламалари қисман ишламагани туфайли юзага келган.

Расмий изоҳга кўра, носозлик кузатилгач, машинист белгиланган йўриқномага асосан фуқаролар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчиларни бекатга тушириб, соат 08:05 да ушбу поезд текширув пункти томон ҳаракатланган.

“Ҳозирги вақтда барча поездлар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланмоқда. Келтирилган ноқулайлик юзасидан барча йўловчилардан узр сўраймиз”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ҳам Тошкент метросида бир қанча носозликлар кузатилган эди. Хусусан, шу йили 4 июнда “Олмазор”, 22 август куни “Халқлар дўстлиги”, 26 сентябрда “Буюк Ипак йўли”, 7 ноябр куни эса Сергели йўлининг 5-бекатида носозлик юзага келганди.

Шунингдек, 17 июнда Сергели ерусти йўналишида ҳаракатланган поездда кетма-кет электр туташувлари содир бўлганди.

Top