14:11 / 15.12.2022
8671

ХКС россиялик космонавтларнинг очиқ фазога чиқишини бекор қилди

NASA ХКСга туташтирилган «Союз МС-22» кемасидан модда сизиб чиққани ҳақида хабар берди. Станция экипажи хавф остида эмас, деди Америка агентлиги. 

Фото: AP

АҚШнинг NASA космик агентлиги россиялик космонавтлар Сергей Прокопев ва Дмитрий Петелиннинг Халқаро космик станцияга (ХКС) туташтирилган космик кемадан модда сизиб чиқиши сабабли очиқ фазога режалаштирилган чиқишини бекор қилди. NASA 15 декабрь, пайшанбага ўтар кечаси космонавтлар фазога етти соатлик чиқишга тайёргарлик кўриш учун ўз скафандрларини кийиб, шлюзни (бир жойдан иккинчи жойга ўтказиш учун хизмат қилувчи иншоот) бўшатганда, видеотрансляция пайтида аниқланди

Агентлик маълумотларига кўра, ерусти хизматлари ХКСдаги «Рассвет» модулига туташтирилган «Союз МС-22» космик кемасидан «номаълум модданинг сезиларли даражада сизиб чиқиши»ни пайқаган. Станция экипажи хавф остида эмас, дея маълум қилди NASA. 

«Роскосмос» матбуот хизмати россиялик космонавтларнинг ХКСдан очиқ фазога чиқиши «техник сабабларга кўра» бекор қилинганини маълум қилди. Миссияни бошқариш маркази (МБМ) хабар беришича, кириш ва чиқиш жойлари зич ҳолатда, станцияда ҳам ҳамма нарса тартибда. 

«ВКД-56 дастурининг бажарилиши техник сабабларга кўра тўхтатилди. Чиқиш люкини очиш тартибидан олдин, экипаж ҳисоботига кўра, «Союз МС-22» космик аппарати диагностика тизимларидан бирининг сигнализация қурилмаси фаоллаштирилгани ҳақида маълумот олинган», — дея хабар қилди кейинроқ «Роскосмос» матбуот хизмати. Давлат корпорацияси юзага келган техник муаммоларни таҳлил қилиш учун комиссия тузилганини эълон қилди. 

Прокопев ва Петелин ишларни бажариш учун очиқ фазога чиқишлари керак эди, унинг давомида биринчи марта Европа ERA манипуляторидан фойдаланиш режалаштирилган. Бу Россия дастури бўйича очиқ фазодаги ишларни кетма-кет иккинчи марта бекор қилинишидир. 25 ноябрь куни худди шу космонавтлар скафандрлардан бирининг совитиш тизимидаги насосларнинг ғайритабиий ишлаши туфайли режалаштирилган фаолиятини амалга ошира олмади. 

Top