Беларус ҳукумати Украина билан чегара ҳудудига жойлаштирилган қўшинлар доимий дислокация жойларига қайтишини маълум қилди. Шу билан бирга, бир неча кун олдин Беларус ҳукумати ўз кучлари жанговар тайёргарлиги тўсатдан текширилиши ҳақида эълон қилганди. Украинадагилар хулоса чиқаришга шошилмасликка чақириб, Минск Украина-Беларус чегарасидаги вазиятни қасддан кескинлаштираётганини даъво қилмоқда.

Беларус мудофаа вазирлиги нима деган?

Пайшанба куни Беларус ҳарбий идораси мамлакат қуролли кучларининг Украина билан чегара яқинида турган 38-десант-штурмчи бригадаси доимий дислокация жойига қайтарилганини хабар қилди.

Бу маълумотни Беларус ҳарбий техникалари ва бўлинмалари ҳаракатини кузатиб борувчи «Беларускі Гаюн» телеграм-канали ҳам тасдиқлади.

Беларус мудофаа вазирлиги бригаданинг доимий дислокация бўйича қайтишини тасдиқлаши керак бўлган фотосуратларни нашр этди. Ушбу тузилманинг тўлиқ номи - 38- Брест алоҳида гвардия десант-штурм бригадаси, яъни унинг базаси одатда Брестда бўлган.

Беларус мудофаа вазирлиги қўшинлар олиб кетилаётганини тасдиқловчи суратларни намойиш этди

Украина нима демоқда?

Уруш бошидан буён Украина ҳукумати Беларусни можаро томонларидан бири деб ҳисоблайди, чунки бу мамлакат Россия армиясига ўз ҳудудидан босқин учун плацдарм сифатида фойдаланишга рухсат берганди. Ғарб ва украин экспертлари ҳам келгусида Беларус ҳарбийлари Россия армияси билан биргаликда Украинанинг ғарбий регионларига янги босқин бошлаши эҳтимолини истисно этмайди.

Аммо Украина қуролли кучлари Бош штаби пайшанба кунги брифинг чоғида ҳозирда Беларус ҳудудидан такрорий ҳужум бўлиши эҳтимоли юқори эмаслигини маълум қилди.

Украина чегара хизмати эса бу участкадаги вазият назорат остида қолаётганини қайд этди. Чегара хизмати расмий вакили Ондрий Демченко BBC Украина хизматига шундай деган: «Биз тўғридан тўғри чегара атрофида техника ва қўшинлар жойлашуви ёки ҳаракатланишига гувоҳ бўлмадик. Айни вақтда Украина ҳудудига бостириб кириши мумкин бўлган зарбдор кучлар ташкил этилганига оид ҳеч қандай далилни қайд этмаяпмиз».

Шу билан бирга Демченко вазият мунтазам равишда атайлаб кескинлаштирилишини таъкидлаган: беларус ҳарбийлари Россия армияси билан биргаликда машғулотлар ўтказмоқда, қўшинларнинг қўшма гуруҳини тузиш ҳақида баёнотлар эълон қилинмоқда, жанговар тайёргарлик текширилмоқда.