Ўзбекистон | 15:15 / 21.12.2022
8849
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Туркманистон газидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини Қирғизистонга етказиб берди

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган, баҳор ва ёз ойларида Ўзбекистон далаларини суғориш учун муҳим бўлган «Тўхтагул» сув омборидаги сув сатҳи “ўлик чегара”гача тушишининг олдини олиш учун, Ўзбекистон куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беради. Бу энергия Туркманистондан импорт қилинаётган газ ёрдамида ишлаб чиқарилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, Туркманистондан Қирғизистонга электр транзити Ўзбекистон энергетика тизимларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.

Фото: Reuters

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Қирғиз Республикаси Энергетика вазирлигининг қўшма баёноти эълон қилинди.

Унда айтилишича, 2021 йилнинг 11 март куни Қирғизистон Энергетика ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ўзаро баённома имзолаган. Унга кўра, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш тасдиқланган жадвалларга мувофиқ амалга оширилади.

«Марказий Осиё минтақасида сув тақчиллиги ҳисобга олиниб, «Тўхтагул» сув омборининг ўта оғир даражага тушишига йўл қўймаслик мақсадида, томонларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги келишувларга асосан, Туркманистон газидан ишлаб чиқарилган электр энергияси Қирғизистонга етказиб берилди.

Шу билан бирга, шартнома асосидаги келишувларга мувофиқ, электр энергиясини Туркманистондан Қирғизистонга Ўзбекистон энергетика тизими орқали транзит қилиш энергетика тизимларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, томонларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида 2023 йилда Туркманистон электр энергияси транзитини таъминлашга қаратилган тегишли шартномалар имзоланган.

Икки мамлакат Энергетика вазирликлари ва энергетика корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва энергетика тизимлари ишлаш режимининг изчиллиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда», дейилади Ўзбекистон Энергетика вазирлиги баёнотида.

Маълумот учун, Қирғизистонда электр энергияси асосан ГЭСларда, Ўзбекистонда эса ИЭСларда ишлаб чиқарилади. Айни пайтда, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган «Тўхтагул» сув омборидаги сув йилдан йилга камайиб бормоқда. Сув сатҳи “ўлик чегара”гача тушиши мумкинлиги ҳам айтилади. Бу эса минтақанинг энергетика тизими ва қишлоқ хўжалигига салбий таъсир қилади.

Қирғизистон куз-қиш ойларида электрга талаб ортган вақтда электр генерация қилиш мақсадида омбордаги сувни кўп миқдорда чиқариб юборса, бу сувнинг ўрнини баҳор-ёз ойларида тўлдиришга мажбур бўлади, бу эса Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари қишлоқ хўжалигига салбий таъсир қилади.

«Мавсумий энергия алмашинуви йўлга қўйилган. Баҳорда ва кузда электр энергиясини биз уларга етказиб берамиз, улар эса бизга ёзда қайтариб беришади. Натижада, бизнинг қишлоқ хўжалигимиз кўпроқ сувга эга бўлади ва аксинча уларнинг сув омборларида қиш ойлари учун кўпроқ сувни сақлаш имкониятлари юзага келади», дея тушунтирганди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев.

Мавзуга оид