АҚШга олдиндан эълон қилинмаган ташриф Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазирлиги коллегияси йиғилишида РФ қуролли кучлари фаолияти якунларини сарҳисоб қиладиган ва «кейинги йил учун вазифаларни қўядиган» кунга тўғри келмоқда.
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Зеленскийнинг ташрифи «Қўшма Штатлар Украинани қанча керак бўлса, шунча вақт давомида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини кўрсатувчи» ташриф бўлади.
Бу украинлар президентининг 301 кундан буён давом этаётган уруш давридаги илк хорижий сафаридир. 24 февралдан буён у Украинани тарк этмаган ва хорижлик сиёсатчиларни Киевда қабул қилган ёки улар билан видеоалоқа орқали мулоқот қилганди.
«Украинанинг бардошлилиги ва мудофаасини кучайтириш учун АҚШга йўл олдим. Хусусан, Жо Байден билан Украина ва АҚШ ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилишга. Шунингдек, Конгрессда чиқиш қиламан ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказаман», дея ёзган Зеленскийнинг ўзи твиттер саҳифасида.
Оқ уй баёнотида айтилишича, Володимир Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифи вақтида Жо Байден Украинага Россия тажовузидан ҳимояланиш учун хавфсизлик соҳасида янги ёрдам пакети ҳақида эълон қилади.
Гап Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ҳам ўз ичига олувчи 2 млрд долларлик ҳарбий ёрдам пакети ҳақида бормоқда - бу иттифоқчилар томонидан украинларга берилаётган энг кучли ва замонавий ракета ҳужумига қарши қуролдир.
Асосий иттифоқчи
Германиянинг Кил номидаги Жаҳон иқтисодиёти институти ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ жорий йилда Украинага 18,5 млрд доллар миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатган - бу Украинага бошқа иттифоқчилар биргаликда кўрсатган ёрдамдан кўпроқдир.

АҚШ бюджетида кейинги йил учун Украинага 23,5 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатилиши белгиланган, умуман Украинадаги уруш билан боғлиқ модда бўйича 40 млрд доллар ажратилади - бу ҳарбий хизматчиларни ўқитиш, жиҳозлаш (жумладан қуроллантириш), логистика, разведка билан қўллаб-қувватлаш, шунингдек Украинага бериладиган Америка захираларини тўлдиришни кўзда тутади.
Володимир Зеленский доимий равишда иттифоқчиларни Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам ҳажмини оширишга чақириб келади. Унинг сўзларига кўра, уруш мамлакат учун ойига камида беш миллиард долларга тушмоқда.


















