Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда Назарбоевга имтиёзларни берувчи қонун бекор қилинади
Қозоғистон парламенти ялпи мажлисида «Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши тўғрисида»ги Конституциявий қонун ўз кучини йўқотган деб тан олиш тўғрисида янги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Парламентнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси Арман Кожахметов сўзларига кўра, мазкур қонун лойиҳаси Конституцияга киритилган ўзгартишларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
«Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Қозоғистоннинг биринчи президенти мақоми ва ваколатини белгилайдиган нормани назарда тутувчи Конституциянинг 46-моддаси 4-банди чиқариб ташланди. Шу муносабат билан конституциявий қонун ҳам кучини йўқотиши кўзда тутилган. Қонун лойиҳасини кучга киритишни таклиф қиламан, уни қўллаб-қувватлашингизни сўрайман», — деди Кожахметов.
Йиғилишда қатнашган 90 нафар депутат ушбу таклифни бир овоздан маъқуллади.
«Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши тўғрисида»ги қонунга кўра, Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари қатор имтиёзларга эга бўлган. Масалан, қонун Нурсултон Назарбоевга халққа мурожаат қилиш, парламент олдида ва ҳукумат йиғилишларида нутқ сўзлаш ҳуқуқини берди. Биринчи президент қонунга мувофиқ дахлсизлик ҳуқуқига ҳам эга. Уни ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш мумкин эмас. Дахлсизлик Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари эгалик қилаётган мулкка нисбатан ҳам қўлланилади.
5 июн куни Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилди. Ўзгартишлардан бири Назарбоевнинг мақоми ва ваколатлари ҳақидаги модданинг, шунингдек, унга кетма-кет икки мартадан ортиқ давлат раҳбари лавозимига сайланишига имкон берувчи банднинг олиб ташланиши бўлди. Бундан ташқари, Назарбоевнинг миллат етакчиси мақомининг ўзгармаслиги тўғрисидаги норма ҳам чиқариб ташланди.
Мавзуга оид
17:54
Қозоғистон Конституциявий суди Тўқаевга яна президентликка номзодини қўйишга рухсат берди
17:42 / 06.07.2026
Қозоғистоннинг бош масжиди Назарбоев шарафига «Нурсултон» номини олди
09:10 / 03.07.2026
Қозоғистонда қийин аҳволга тушган фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилди
22:06 / 30.06.2026