Ёғли шартнома
Жаҳон миқёсидаги юлдуз футболчи Осиёдан ташқарида таниқли бўлмаган араб клубига ўтиши ҳақидаги миш-мишлар ноябрдаёқ пайдо бўлганди. Ўшанда Marca «Ан-Наср» Криштиану Роналдунинг «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси бузилишига биринчилардан бўлиб реакция қилган клуб бўлганини ёзганди. Хабарларга кўра, араблар клубида 37 ёшли португалиялик икки йиллик шартнома бўйича тахминан 250 миллион евро олади.
Бундай астрономик таклиф ишонарсиз эмасди. Жаҳон чемпионати стартига бир неча кун қолганида Португалия жамоаси етакчиси Пирс Морганга шов-шувли интервью берганди, унда шундай қизиқарли диалог ҳам бўлиб ўтганди:
— Мен сиз Саудия Арабистонидан улкан таклиф — икки мавсум учун 350 миллион евро тўлашни назарда тутувчи таклиф олганингиз ҳақида эшитдим. Бу тўғрими? — дея сўрайди Морган Криштианудан.
— Ҳа, бу тўғри.
— Ва сиз буни рад этдингизми?
— Ўша заҳотиёқ.
Эътиборли томони, «Ан-Наср» ҳақидаги хабарларни Морганнинг ўзи биринчи бўлиб рад этди. Ҳолбуки бу клуб ҳақидаги хабарлар кундан кунга жиддийлашаётганди. Португалия жаҳон чемпионатини чоракфиналдаёқ тарк этгач, воқеалар ривожи тезлик олди ва 30 декабр куни трансфер ҳақида расман эълон қилинди. Роналду эркин агент сифатида «Ан-Наср» футболчисига айланди.
Гигант даражадаги маош
Юқорида тилга олинган 350 миллион евро қуйидагиларни ўз ичига олади: кўтарма пули, агент учун комиссия пули, маош ҳамда «МЮ» учун товон пули. Ҳозирда бошқа сумма муҳокама этилмоқда: CBS журналисти Бен Жейкобснинг сўзларига кўра, Роналду бир мавсум учун 75 миллион доллар маош олади. Унинг аниқлик киритишича, реклама лойиҳалари ҳамда элчилик хизматларини қўшиб ҳисоблаганда Роналду бир йилда ишлаб оладиган пул миқдори 200 миллион долларга етади. Криштианунинг шартномаси икки ярим мавсум учун мўлжалланган, шундай экан, унинг бу давр мобайнидаги оладиган маоши 500 миллион долларгача етади.
«Ан-Наср»да бунча пул қаердан?
Клуб эмблемасида тож тасвирланган ва бу эстетик рамз эмас: 1960 йилга қадар «Ан-Наср» шарафини ҳаваскор футболчилар ҳимоя қилишган, кейин эса подшоҳнинг ўғли, Саудия Арабистони шаҳзодаси Абдул Раҳман ибн Сауд Ол Сауд клуб эгасига айланган.
«Ан-Наср» учун бу ҳақиқий совға эди — ҳазрати олийларининг севимли ўйинчоғига айланган клуб бир лаҳзада бойиб кетади. Ол Сауд футболни севарди ва 1960-йилларга қадар Ар-Риёднинг ҳеч кимга таниқли бўлмаган жамоаси бўлган «Ан-Наср»ни ҳақиқий грандга айлантиради. Ол Сауд 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида клуб президенти бўлиб қолади (бу давр мобайнида у икки бор турли сабаблар билан лавозимдан кетган ва икки бор яна сайланган). 2004 йилда, президент лавозимини эгаллаб турганида вафот этган.



















