“Ўзгидромет” хабарига кўра, фронт ўтишида республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучаяди. Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди, кундузи ҳаво ҳарорати 2-7 даража илиқ бўлади.

Эртага антициклон республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади, Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлади. Сурхондарё вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. 17-22 м/с гача кучайган шамол баъзи жойларда ҳали ҳам эсади, Навоий, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида эса 25-30 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ-3 даража илиқ, кундузи 0-5 даража илиқ бўлади.

4 январда антициклон чекина бошлайди. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечаси ва эрталаб Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида ёғингарчилик бўлиши сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ-3 даража илиқ, кундузи 3-8 даража илиқ бўлади.

5 январда республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳаво ҳарорати 7-12 даража илиққача, мамлакат жанубида 15 даража илиққача кўтарилади, кечалари 3 даража совуқ-2 даража илиқ бўлади.

Ҳафтанинг охирига бориб, мамлакатга Туркманистон ҳудудларидан нам ва нисбатан илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. 6 январда республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати кечалари 4-7 даража илиққача кўтарилади, кундуз кунлари 5-10 даража илиқ атрофида бўлади.

Ушбу кунларда кечаси ва эрталаб республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. 2-4 январда республика тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.