Ўзбекистон | 18:26 / 04.01.2023
18294
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда эркак жазмани бўлган аёлни дўппослаб унинг ўлимига сабабчи бўлди

Гумонланувчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида аёл жазмани томонидан аёвсиз дўппосланиб, яланғоч ҳолда уйига ташлаб кетилгани, оқибатда оғир тан жароҳатлари олган 36 ёшли аёл шифохонада вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 2023 йил 1 январ куни Шаҳрисабз тумани Тепар маҳалласида содир бўлган.

«Шаҳрисабз тумани Тепар маҳалласида яшовчи ҳамқишлоқлар очиқ дала майдонига бориб, шу ерда ўзаро оғзаки тортишиб қолишган. Натижада ўртада баҳслашув юзага келиб, бир-бирини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилгани сабабли эркак аёлни уриб, тан жароҳати етказган. Эртаси куни жабрланувчи шифохонага олиб борилгач, шифокорлар кўрсатган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган», дейилади муносабатда.

Мазкур ҳолат юзасидан 2023 йил 2 январ куни Шаҳрисабз тумани ИИБ тергов бўлими томонидан аёлнинг ўлимига сабаб бўлган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, фуқаро С.Х. Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид