Жамият | 16:00 / 04.01.2023
20352
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги деҳқон бозорида ҳоким ўринбосари дўппосланди

Бир гуруҳ фуқаролар бозор директорининг машинаси ҳамда экскаваторнинг ойналарини синдириб, зарар етказган.

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган бозорда бир гуруҳ шахслар туман ҳокими ўринбосарини дўппослаган ва бозор директорининг машинасига зарар етказган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари хабар бермоқда.

Ҳодиса 2023 йил 2 январь куни соат 10:30 ларда Файз деҳқон бозори ҳудудида содир бўлган.

Маълум қилинишича, туман ҳокимининг ўринбосари М.Н. ва Файз деҳқон бозори раҳбари А.А. бозор ҳудудида ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида туман ободонлаштириш бўлимига қарашли экскаваторни ишлатаётган вақтда шу бозорда савдо қилувчи фуқаролар ҳеч бир сабабсиз жанжал чиқарган.

Жанжал вақтида фуқаролар З.Т. ва Н.Б. қўллари билан ҳоким ўринбосари М.Н.ни қасддан бир неча маротаба урган. Экскаватор ойнасини тош отиб синдирган ва “Файз” МЧЖ раҳбари А.А.га тегишли “Nexia-2” машинасига зарар етказиб, фуқароларни фаол қаршилик кўрсатишга жалб қилган.

Воқеа жойига Қамаши туман ИИБ ходимлари чиқиб, фуқароларни тинчлантириб, жамоат тартиби сақлашга эришилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид