Жаҳон | 18:50 / 10.01.2023
9168
2 дақиқада ўқилади

Россиялик врачлар Навалнийга зарур тиббий ёрдам тақдим этиш талаби билан Путинга мурожаат қилишди

Фото: politics.com

Врачлар сиёсатчи Алексей Навалнийни таҳқирлашни бас қилиш ва унга зарур бўлган тиббий ёрдам кўрсатиш талаби билан Владимир Путинга мурожаат қилишди. 27 нафар врач имзолаган очиқ хат врач Александр Ванюковнинг Facebook’даги аккаунтида эълон қилинди.

«Алексей Навалнийни сақлаш шароитлари ва унинг ташқи кўриниши бизда унинг соғлиғи ва ҳаёти борасида катта ташвиш уйғотмоқда», — деб ёзган врачлар. Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) вакилларининг зарур дори-дармонларни Навалнийга етказишни рад этиши унинг ҳаётига таҳдид солмоқда, дея таъкидлашган тиббиётчилар.

«Тиббий нуқтайи назардан Алексей зарур ҳажмда тиббий ёрдам олмаётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди, унинг жазо изоляторида сақланаётгани эса унинг ҳолатида мутлақо мумкин эмас.

Биз Алексей Навалнийни таҳқирлаш бас қилинишини, Алексейни жазо изоляторига жўнатмасликни, унинг ҳузурига фуқаро врачлари киритилишини, агар етарли кўрсатмалар аниқланса, уни тўлиқ текшириш ва даволаш учун фуқаролик шифохонасига ётқизишга рухсат берилишини талаб қиламиз», — дейилади мурожаатда.

Хатга жами 170 нафар врачнинг имзоси қўйилган. Ушбу мурожаатни қўллаб-қувватлашга тайёр врачлар Ванюковнинг пости остида шарҳ қолдиришмоқда.

9 январ куни Владимир областининг Мелехово посёлкасидаги №6-сонли тузалиш колониясида жазо ўтаётган Алексей Навалний янги йил арафасида ўнинчи марта жазо изоляторига жўнатилгани маълум бўлди. Сиёсатчининг адвокати Вадим Кобзев Навалний бемор эканини айтган. «Таассуфки, бактериологик қурол ўз ишини берди. Навальний айни пайтда жазо изолятори камерасида юқори ҳарорат, йўтал ва қалтироқ тутиб ётибди. Унга дори-дармон етказишга ҳаракат қилмоқдамиз», — деб ёзган Кобзев.

Мавзуга оид