Полша ва Литва Европа Иттифоқини Россияга қарши янги, ўнинчи санкциялар пакетининг бир қисми сифатида РФ ядро секторига чекловлар жорий этишга чақирди, деб хабар берди Reuters агентлиги 13 январь, жума куни иккала мамлакатнинг юқори мартабали дипломатларига таяниб. Уларга кўра, ушбу жазо чоралари тўплами Россиянинг Украинага қуролли бостириб кирганининг бир йиллиги санаси – 24 февралгача тайёр бўлиши керак.

Reuters хабарига кўра, Украина аллақачон Европа Иттифоқини "Росатом"га қарши санкциялар қўллашга чақирган, бироқ бу ташаббус ҳозирча, хусусан, Венгрия томонидан блокланган. Полша ва Литва, шунингдек, кўпроқ "Россия ташвиқоти оммавий ахборот воситалари"ни тақиқлашни ва Россия банкларини SWIFT халқаро тўлов тизимидан чиқариб ташлашни таклиф қилишди.

Варшава ва Вилнюс Беларусга қарши ҳам чекловлар жорий этиш тарафдори бўлиб, унинг ёрдамида агентлик суҳбатдошларига кўра, Россия Европанинг айрим санкцияларини четлаб ўтишга муваффақ бўлмоқда. Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИ Украинага қарши урушда Россияга ёрдам бергани учун Беларусга қарши янги санкциялар жорий этишини айтган эди.

Европа дипломатлари Европа Иттифоқи Бельгия ва Россия ўртасидаги олмос савдосини яна бир бор тўхтатишга ва ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган товарлар савдосига қўйилган тақиқларни кенгайтиришга ҳаракат қилишини айтди.

Ҳозирда 1300 га яқин одам ва 120 ташкилот Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган. Чекловлар савдо, транспорт, энергетика, банк, оммавий ахборот воситалари ва мудофаа соҳаларига тегишли.