Криштиану Роналду Саудия Арабистонига кўчиб ўтгач, португалиялик 37 ёшли юлдузнинг Месси билан бир неча йиллик қарама-қаршилиги тугагандек кўринганди. Аммо тақдирни қарангки, Роналду Саудия Арабистонидаги илк ўйинидаёқ Месси, Мбаппе ва Неймар триосига қарши ўйнайдиган бўлди.

Бир йил аввалги келишув

«ПСЖ»нинг Саудия Арабистонига келиши ва Роналдунинг араб диёридаги дебюти айнан жаҳон чемпиони Мессига қарши тўғри келаётгани кўпчилик томонидан қатарлик ва саудиялик шайхларнинг «сценарийси» сифатида айтилаётган бўлса-да, аслида бу келишув сўнгги икки ҳафтада эмас, бир йил аввал тузилган эди. Унга кўра, ЖЧ-2022дан кейин Франция чемпионатида юзага келадиган январь ойидаги танаффус пайтида Париж клуби Ар-Риёдда меҳмон бўлиб, миллий чемпионат юлдузларига қарши ўртоқлик баҳсида тўп суриши белгиланганди.

Фото: Ан-Наср

Тақдирни қарангки, Месси 2022 йил якунидаги мундиални Саудия Арабистонига қарши ўйиндаги сенсацион мағлубият билан бошлаган бўлса, якунда Аргентина билан узоқ кутилган чемпионликни қўлга киритди. Роналду эса январь ойи бошида «Ан-Наср» таклифини қабул қилиб, Ар-Риёдга кўчиб ўтди. Барча Месси ва Роналду эраси тугади деётган бир пайтда тақдир бу юлдузларни яна ўзаро учраштирмоқда.

«ПСЖ» Саудияга юлдузли таркиб билан келади

Франция чемпиони Саудия Арабистонидаги ўйинга кучсиз ва аралаш таркиби билан эмас, асосий таркибда келади. 19 январь, пайшанба оқшомидаги ўйинда Кристоф Гальтье Роналду етакчилигидаги жамоага қарши Месси – Неймар – Мбаппе триосини майдон тушириши кутилмоқда. Бу ўйинчилар Саудиядаги сафар олдидан Қатар пойтахти Доҳага ҳам ташриф буюрган.

Франция чемпионати доирасида сафардаги сўнгги икки ўйинда мағлубиятга учраган «Пари-Сен-Жермен» Саудия Арабистонидаги ўртоқлик баҳсида маҳаллий мухлисларга шунчаки хуш кайфият улашиш мақсадида майдонга тушмаслиги аниқ. Айниқса, бу Месси ва Роналду ўртасидаги ўзаро сўнгги тўқнашув сифатида айтилаётган бир пайтда.