Тошкент аэропортида меҳмонларини кутиб олувчилар айни совуқ кунларда ҳам ташқарида қолаётгани ҳақида тайёрлаган репортажимиздан сўнг аэропорт маъмурияти муаммога эътибор қаратиб, терминал ҳудудида кутиб олувчилар учун махсус жойлар ташкил этишга киришди.

Кузатувчиларимизнинг бундай муаммо вокзалларда ҳам борлиги, Ўзбекистон темирйўллари тизимидаги камчиликлар ҳақидаги фикрларидан келиб чиқиб, шу мавзуга ҳам қўл уришга қарор қилдик.

Пойтахт, вилоят ва туманлардаги исталган темирйўл вокзалларига борманг, ҳаммаси худди чегарадек ташқи дунёдан икки тарафга бўлиб қўйилган. Ҳаммаёқ панжара, панжара, панжара! Марказий темирйўл вокзаллари биноларига кириб олиш ҳам бир ташвиш: иккита нуқтада текширувлардан ўтасиз. Шунда ҳам қўлингизда ҳеч бўлмаганда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шарт. Акс ҳолда, ҳар қандай зарурат бўлмасин, одамлар учун хизмат қилиши керак бўлган маскан остонасидан кира олмай, ортга қайтасиз.

Тошкентнинг жанубий ва шимолий вокзалларидаги текширув пунктларида юк сақлаш бўлимига кириш учун қилган ҳаракатларимиз зое кетди. Паспортингиз ёнингизда бўлган тақдирда ҳам, агар қайтиш чиптангиз бўлмаса, юкларингизни ичкарида қолдира олмас экансиз. Яъни сиз бошқа шаҳарга қачон кетишингиз ҳақида ҳали аниқ бир қарорга келмагансиз. Яқин кунларда поезд орқали қайтишингиз аниқ. Лекин қўлингиздаги оғир юк билан шаҳарда юролмайсиз. Дунё тажрибасидан келиб чиқсак, бундай шароитда сиз юкларингизни темирйўл вокзалларининг юк сақлаш бўлимларида маълум тўлов эвазига қолдиришингиз мумкин. Бизда эса чиптангиз ҳам нақд бўлиши шарт!  

Ҳа, майли. Мавзудан чалғимаймиз. Шу ўринда кўпчилик учун қизиқ бўлган саволларни ўртага қўймоқчимиз:

  1. Вокзалларга панжаралар ўзи нима мақсадда ўрнатилади?
  2. Панжарали вокзаллар билан нимага эришамиз-у, уларсиз нима йўқотамиз?
  3. Нега вокзалларга киришда йўловчилар 2 марта текширув чиғириғидан ўтказилади?