2023 йил ҳисобидан регулятор ўтказган илк анжуманда аномал совуқнинг нархларга таъсири, геосиёсий вазият туфайли эришилмаган инфляция мақсади, олтиндан даромадлар, Uzсard ва Humo банкоматларининг интеграцияси ва Марказий банкнинг криптоактивларга муносабати каби қизиқ масалалар ҳақида сўз борди. Kun.uz анжуманда айтилган муҳим гапларни бир мақолага жамлади. 

Тугаётган ҳафтада Марказий банк бошқаруви йиллик асосий ставкани 15 фоиз даражасида ўзгаришиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Регулятор нега бу қарорга келгани, инфляцион хатарлар ва кутилмалар ҳамда режалар ҳақида матбуот анжуманида маълумот берилди. 

Асосий маълумотлар: 

  • 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5–5 фоизга ўсиши ва йиллик инфляция 8,5–9,5 фоиз доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда
  • I чоракда ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиш эҳтимоли юқори;  
  • Uzcard ва Humo банкоматлари май ойигача интеграция қилиниши мумкин. Кейин Humo банкоматларидан Uzcard карталари орқали, Uzcard банкоматларидан Humo карталари орқали нақд пул ечиш мумкин бўлади;
  • 2022 йил якуни бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банкнинг октябр ойидаги прогнозларига мос бўлиб, 5,7 фоизни ташкил этди;  
  • 2022 йилда пул ўтказмалари 2 баробарга ўсди. Бунинг икки сабаби келтирилмоқда: Россиядаги доллар ва рубл ўртасидаги кескин фарқ туфайли экспортёрлар пул ўтказмаларидан фойдаланган. Яна бир сабаб – Қозоғистон ва Қирғизистонда нақд долларга қўйилган чеклов ортидан қўшни давлат фуқаролари Ўзбекистонга пул ўтказмалари орқали доллар олган;  
  • Марказий банк 2024 йилда 5 фоизлик инфляцияга эришмоқчи.  

Матбуот анжумани давомида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов журналистларнинг саволларига жавоб берди.