Жамият | 15:10 / 30.01.2023
17713
3 дақиқада ўқилади

“Аёлни суицид даражасига олиб келганлар нега жазоланмайди?” — психолог

Эр ёки қайнона мунтазам равишда тазйиқ ўтказиб келган бўлса-ю, келин ана шу тазйиқлар оқибатида нимадир қилса, жавобгар фақат унинг ўзи бўлиб қоляпти. Ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб борганлик учун қонунда белгиланган жазо камдан кам ҳолатда қўлланилмоқда.

Сўнгги вақтларда ўз муаммоси билан ўзи қолиб кетаётган аёлларнинг ўзлари ва фарзандлари жонига қасд қилиш ҳолатлари ортиб бораётгандек. Психолог Шоира Исоқованинг таъкидлашича, ҳеч бир аёл ўз-ўзидан ўзининг ёки боласининг жонига қасд қилмайди. Бунга кўплаб сабаблар бор.

“Бирорта суицид ҳолатида ўша вазиятга олиб келган одам жазоланмайди. Прокуратура чақиради, бу суицидга руҳий тазйиқлар сабаб бўлганини айтамиз. Шунақа ҳолатлар бўлганки, руҳий зўравонлик оқибатида оламдан ўтган аёл эксгумация қилинган. Чунки унинг мияси жароҳатланганини бусиз исботлаб бўлмайди. Икки фарзанди бор, жудаям яхши аёл ўз жонига қасд қилишига мия фаолияти бузилиши сабаб бўлганини айтганмиз. Жуда кўп курашганмиз.

Хеч ким ўз-ўзидан жонига қасд қилмайди, боласини урмайди, қайнонасининг бошига битта ғишт билан уриб ўлдириб қўймайди. Буни келтириб чиқарувчи жуда катта омиллар бор. Нега шу одамлар жазоланмайди? Нега уларга жазо йўқ? Эр ёки қайнона мунтазам равишда тазйиқ ўтказиб келишган. Лекин улар жазоланмайди. Айнан шу тазйиқлар таъсирида боласига руҳий таъсир ўтказаётган онага жазо қўлланяпти. Бу билан болалар янада кучли руҳий таъсир остида қолишяпти.

Қайсидир ҳолларда болани онадан изоляция қилиш мумкин. Аммо уларни бутунлай ажратиш нотўғри. Бу болага катта руҳий зарба бўлади. Устма-уст зарбаларни олиб оғир ҳолатга келган аёлга ҳеч ким ёрдам бермайди. Ҳамма бир томон бўлиб, жиноятни содир этган одамгина айбдор бўлиб қолади”, – деди психолог.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Раъно Турдибоева Жиноят кодексида ўзини ўлдириш даражасига етказганлик учун ҳам жазо борлигини эслатди. Аммо шунга қарамай кўпинча менталитет сабаб бу жазо қўлланмайди. Чунки аёл яна ўша оилага қайтишини ўйлайди.

“Шу ўринда аёл талаб қилиши керак: атрофидаги одамлар, унга таъсир кўрсатганлар ўрганилишини. Судга қандай даъво билан мурожаат қилинса, фақат ўша ҳолатни кўриб чиқади. Аёл уни шу ҳолатга келтирган оқибатлар ўрганилишини талаб қилишни ҳам билмайди.

Инсон ўзининг шунақа ҳуқуқлари борлигини билмаса, атрофидагилар бу ҳуқуқларни бузиб келаверади. Ўз ҳуқуқини билмаслик оқибатида унинг ўзи ҳам бошқаларнинг ҳуқуқини бузиб келади. Яъни атрофдагилар аёлнинг ҳуқуқини, аёл эса ўз боласининг ҳуқуқини бузяпти”, – деди Раъно Турдибоева.

Турдибоева бундай ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддаси бузилаётганини таъкидлади. “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга” дея қайд этилган мазкур моддада.

Мавзуга оид