Жаҳон | 10:43 / 30.01.2023
15149
5 дақиқада ўқилади

Шольц: Россия ва НАТО ўртасидаги урушга йўл қўймаслик керак

Россиянинг Украинага қарши уруши Россия ва НАТО ўртасидаги урушга айланмаслиги керак, дея таъкидлади Олаф Шольц. Германия канцлери Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича «таклифлар пойгасидан» қочишга чақирди. 

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шольц «Россиянинг Украинага қарши уруши Россия ва НАТО ўртасидаги урушга айланиб қолмаслиги учун ҳамма нарсани қилиш»ни ўзининг вазифаси деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Германия ҳукумати раҳбари 29 январь, якшанба куни чоп этилган Der Tagesspiegel газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди

Ҳозирда Россия Федерацияси ва НАТО ўртасида уруш йўқ, у Германия канцлери сифатида бундай кескинлашувга йўл қўймайди, деб қўшимча қилди Шольц. «Бу масала бўйича биз федерал ҳукуматда бирдаммиз ва ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам шундай ҳисоблаяпти», деди у. 

Аввалроқ Бербок 24 январь куни Европа кенгаши парламент ассамблеяси йиғилишида айтган ноаниқ баёноти туфайли кузатувчилар томонидан кескин танқид қилинган эди. Ғарб давлатларини Россиянинг Украинага қарши агрессиясига қарши курашда бирдамлик кўрсатишга чақирар экан, у, хусусан: «Биз бир-биримизга эмас, Россияга қарши уруш олиб бормоқдамиз», деб таъкидлади. Кўпчилик бу иборани Германия можаро иштирокчиси ва Россияга қарши уруш олиб бораётганини тан олиш сифатида баҳолади. 

Bild таблоиди 26 январь куни вазирнинг баёнотига изоҳ беришни сўраб Германия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилганидан сўнг, идора шундай изоҳ берди: «Россия Украинага қарши шафқатсиз уруш олиб бормоқда. Европа кенгаши парламент ассамблеяси аъзолари билан 24 январь куни бўлиб ўтган учрашувда ташқи ишлар вазири Бербок Европа бу урушга қарши бирга туриши кераклигини таъкидлади. Халқаро ҳуқуқ маъносида. Россиянинг тажовузкор урушига қарши БМТ низомида мустаҳкамланган Украинани ўз шахсий ҳуқуқини амалга оширишда мудофаа жиҳатидан қўллаб-қувватлаш Германияни можаро иштирокчисига айлантирмайди». 

25 январь куни Олаф Шольц Украинага Leopard 2 танкларини етказиб беришни маъқуллади ва бу қарор Германия иттифоқчилари билан «келишув ҳамда яқин ҳамкорликда» қабул қилинганини таъкидлади. Шундан сўнг бир қатор бошқа Ғарб давлатлари Киевга жанговар танкларни ўтказиш ниятида эканини маълум қилди. Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан гаплашганини Telegram’да маълум қилиб: «Биз Украинага самолётлар етказиб бериш даражасига чиқишимиз керак. Бу орзу. Бу вазифа», деб қўшимча қилди. 

Германияда ҳам Киевга жанговар самолётлар етказиб берилиши мумкинлиги ҳақидаги мунозаралар бошланди. Бироқ, 25 январь куни Бундестагда нутқ сўзлаган Олаф Шольц воқеаларнинг бундай ривожланиши ҳақида гап ҳам бўлмаслигини таъкидлади: «Мен бу жанговар самолётларга тааллуқли эмаслигини анча олдин айтгандим ва ҳозир ҳам буни айтаман». 

29 январь куни Der Tagesspiegel нашрига берган интервьюсида Германия ҳукумати раҳбари бу масалага муносабати ўзгармаганини таъкидлади. Шу билан бирга, Шольц «қурол тизимлари ҳақида гап кетганда, доимий таклифлар пойгасига киришишдан» огоҳлантирди. «Агар Германияда яна бир мунозара бошланса, Украинага Leopard 2 танкларини етказиб бериш бўйича қарор қабул қилиниши биланоқ, бу бемаъни таассурот қолдиради ва фуқароларнинг ҳукумат қарорларига бўлган ишончига путур етказади», — деди у. 

Шу билан бирга, Шольц тўғридан тўғри суҳбатларда Россия президенти Владимир Путинга таъсир ўтказишга ҳаракат қилишда давом этишини маълум қилди. «Мен Путин билан телефон орқали гаплашишни давом эттираман - агар суҳбат керак бўлса», деди у ва Украинадан қўшинларни олиб чиқиш ҳамда юз минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган бу даҳшатли, маъносиз урушни тугатиш қарори Путинга боғлиқ эканини қўшимча қилди.

Бундай телефон қўнғироқларида Путин бир неча бор «қўшни давлатнинг бир қисмини эгаллаб олмоқчи эканлигини» очиқ кўрсатиб қўйди», — деди Шольц ва буни «қабул қилиб бўлмайди», деди. Германия канцлерининг сўзларига кўра, унинг Путин билан суҳбатларида бошқа масалалар қаторида ҳарбий асирларни алмашиш, Украинадан ғалла экспорти ёки Запорижжя атом электр станцияси каби аниқ масалалар кўриб чиқилган.

Мавзуга оид