2021-2022 ўқув йилида Андижон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабига 2015 йилда туғилган, яъни 2021 йил 31 декабрга қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар ўқишга қабул қилинган. Улар 1-синфни тўлиқ ўқишган. Жорий ўқув йилининг учинчи чораги бошланган бир пайтда 2-синфда таҳсил олаётган бу ўқувчилар 1-синфга тушириб юборилмоқда. Айрим ота-оналар бу ҳолатдан норози бўлишяпти.
Kun.uz фарзанди синфидан қолдирилган баъзи ота-оналар билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, муаммо болаларнинг маълумотлари ERP базасига киритилмагани туфайли келиб чиққан.
“Қизим 2021 йилда мактабга қабул қилинганди. 1-синфни тугатиб, ҳозирда 2-синфда ўқияпти. Аммо уни қайта 1-синфга тушириб юборишди. Бундай ҳолатга тушаётган фақат менинг фарзандим эмас. Тушунарсиз ҳолат, нега 1-синфни тамомлаган бола яна 1-синфда ўқиши керак? Бунинг сабабини ўрганиб кўрсак, болалар ҳақидаги маълумотлар бугунги кунгача ERP базасига киритилмаган экан. Мактаб маъмурияти фарзандингизни 6 ёшда мактабга бергансиз, дея ота-оналарни айбдор қиляпти.
Болаларнинг барчасига ўтган ўқув йилида президент совғаси сифатида ўқув қуроллари берилган, улар 1-синфни тўлиқ ўқиб тугатишди. 2-синфда ўқиётган бир пайтда синфдошларидан айрилиб, қайта 1-синфга тушириб юборилиши қизимнинг руҳиятига салбий таъсир қилмоқда”, — дейди Муҳаммадхон Аҳмедхўжаев.
ERP базаси ўзи нима? Бу ҳар бир мактаб маълумотларини битта тизимда сақлаш ва бошқаришни автоматлаштиришга ёрдам берадиган тизим. Яъни ERP ёрдамида барча муҳим маълумотлар ягона хавфсиз маълумотлар омборида бирлаштирилади. Мазкур базага ўқувчининг маълумотлари киритилаётганда унинг ёши сўралади. Масалан, 1-синф ўқувчиси 7 ёш, 2-синф ўқувчиси 8 ёш сифатида киритилмаса, база маълумотни қабул қилмайди.
Юқоридаги муаммо шу туфайли юзага келган: мактаб раҳбариятининг қонунга зид ҳаракати туфайли болалар 2021 йилда, 6 ёшлигида мактабга қабул қилинган. Ҳозирда улар 2-синфда ўқияпти. ERP базаси эса 7 ёшли болани 1-синф деб “тушунади”. Яъни уларни 2-синф ўқувчилари сифатида ERP базасига киритиб бўлмайди.
“Фарзандимизни 1-синфга ўтказиб қўйишди, ўзимизни эса синфнинг Telegram тармоғидаги ота-оналар гуруҳларидан чиқариб юборишди: гўёки ҳеч нарса бўлмагандек. Ахир боламиз 1-синфни тўлиқ ўқиб бўлди. Уларнинг kundalik.com тизимидаги баҳолари ҳам ўчирилиб ташланди”, — дейди яна бир ота Беҳзодбек Муродов.
Kun.uz мухбири мактаб директори Наталья Рудова билан боғланди.
“

















