Бу давлат нега сукут сақламоқда, ушбу давлатни зарбаларга алоқадор деб ҳисоблаш учун қандай сабаблар бор ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?

29 январга ўтар кечаси Эрон марказидаги Исфаҳон вилоятида ўқ-дори ишлаб чиқариладиган завод, Шарқий Озарбойжон вилоятидаги мотор мойи ишлаб чиқариладиган йирик завод ҳамда мамлакат ғарбидаги Дизфул авиабазасига зарбалар берилди.

Теҳрондагилар учта ҳужумдан иккитаси қайтарилгани, учинчи дрон эса бино томига қисман шикаст етказганига ишонтирмоқчи бўлди. Аммо ижтимоий тармоқларда мой заводи ёнаётгани акс этган видеолар тарқалган, гувоҳлар ҳам авиабазадаги портлашларни тасдиқлашган.

Исроил нашрлари эса, Эрон ҳукумати баёнотига зид ўлароқ, барча зарбалар нишонга бориб теккани ҳақида ёзишди. Аммо буни Исроил бу ҳужумларга алоқадорлигини билвосита бўлса ҳам тан олиши деб ҳисоблаб бўлмайди, чунки журналистлар Ғарб махсус хизматларидаги манбаларига таяниб хабар беришган.

«Бундай вазиятларда сукут сақлаш – Исроилга кўп йиллардан буён хос бўлган амалиёт. Улар Эронга ҳужум уёқда турсин, Сурияга авиазарбалар йўллаганида ҳам масъулиятни зиммасига олмайди. Бу жимликдан бу ҳужум ортида Исроил турган-турмагани тўғрисида хулоса чиқариб бўлмайди», дейди исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделман BBC нашрига.

Аммо билвосита аломатларга асосланилган айрим хулосалар юзага чиқмоқда.

Тасодифлар занжири

New York Times нашри аноним манбага асосланган ҳолда Исроил ва АҚШ Эронга тунда зарба йўллашни муҳокама қилгани ва ҳужумлар ортида Исроилнинг махсус разведка хизмати «Моссад» турган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Америка матбуоти тасодифлар занжирига эътибор қаратган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен шу кунларда Исроилга келди. Фотода Блинкен ва Исроилнинг янги ташқи ишлар вазири Эли Коэн
Фото: AMIR LEVY

Ўтган ҳафтада Исроилга МРБ директори Уильям Бёрнс келганди, якшанбага ўтар кечаси Эрон ҳарбий объектларига зарбалар берилди, душанба куни кундузи эса АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб турнеси доирасида Исроилга ташриф буюрди.