Бундай ҳолатда, баъзи хусусий АЁҚШлар томонидан автобензинни ноқонуний реализация қилиш, шохобчаларда нархларни сунъий ошириш, сифатсиз бензин ёнилғисини сотиш каби ҳолатлар содир этилмоқда. Хусусан, биржа савдолари орқали сотиб олинган ва белгиланган тартибда етказиб берилган АИ-80 русумли автобензинни АЁҚШларда сотмаслик ёки АИ-92 кўринишида сотиш ҳолатлари учрамоқда.
Бу ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “UNG Petro” МЧЖ автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига юкламанинг ошишига олиб келмоқда.
Ёқилғи қуйиш шохобчаларида мавжуд колонкалар (одатда 2-4 та) ёқилғи қуйиш бўйича максимал қувватларда ишлатилаётгани ва ушбу қувватлар мавжуд оқимни бир вақтда таъминлаш имконини таъминламаётганлиги оқибатида шохобчаларда АИ-80 маркали бензин маҳсулотининг реализация қилинишида сезиларли навбатлар юзага келмоқда.
Юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (“Ўзнефтгазинспекция”) томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ишчи штаб ташкил этилган ва назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Республика истеъмолчиларини узлуксиз ва бир маромда автобензин билан таъминлаш, нархларни кескин ўсишининг олдини олиш, бозорда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш ҳамда ички бозорда танқисликнинг вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилиб, кунлик ўртача 4,6 минг тонна АИ-80 русумли автобензин ишлаб чиқарилмоқда. Шундан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 3,1 минг тонна ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 1,5 минг тонна.
Жорий йилнинг январь ойида биржа савдоларига жами 136,5 минг тонна (ўртача биржа кунида 6 203 тонна) АИ-80 русумидаги автобензин сотиш учун жойлаштирилиб, АЁҚШлар томонидан харид қилинди. Бу кўрсаткични ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 44,6 минг тоннага кўпдир.
Жумладан, АИ-80 русумидаги автобензиннинг биржа савдоларига жойлаштириладиган ҳажми оширилмоқда. Масалан, 31 январь куни биржа савдоларига 5 550 тонна АИ-80 автобензин сотиш учун жойлаштирилди.
Жамият томонидан яратилган захира, шунингдек ишлаб чиқарилган автобензин ҳисобидан 163,6 минг тонна (ўртача кунлик 5 276 тонна) ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 74,7 минг тоннага кўп автобензин етказиб берилиши таъминланди.
Биргина 31 январь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть базалари орқали истеъмолчиларга жами 6 303 тонна АИ-80 автобензин, жумладан Тошкент шаҳри ва вилоятига 1 466 тонна ёқилғи тарқатилди. Бироқ бугунги кундаги вужудга келаётган талабни ишлаб чиқариш қувватлари орқали тўлиқ таъминлаш имконияти чегараланган.
















