“Тошкент метрополитени”нинг Kun.uz’га маълум қилишича, вагонлар сонини ошириш мақсадида 8 та метро поезди учун “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖга буюртма берилган, ҳужжатлар расмийлаштирилган.

“Аввалроқ Kun.uz’га 8 та эмас, 6 та вагонга буюртма берилгани ҳақида хабар берган эдик. Уларнинг сони яна 2 тага кўпайди, эндиликда 5 та вагонли 4 та ҳаракат таркибини 12 тага етказиш кутилмоқда.

Ҳозирда “Чилонзор” ва “Ўзбекистон” йўналишларида йўловчилар оқими кўп. Айни вақтда “Юнусобод” линиясида ҳам одамлар сони ошмоқда. Эрталабки тирбанд вақтларда ҳам поездлар 1,5-2 дақиқа интервалда ҳаракатланяпти. Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон” йўналишидан бошқа йўналишларга ҳам поездлар тақсимланади. Бу “Чилонзор” ёки “Юнусобод” йўналиши ҳам бўлиши мумкин”, – дейди масъул.

Шунингдек, ходимнинг таъкидлашича, Москвадан олиб келинадиган 14 та поезд учун ҳам буюртмалар бериб бўлинган ва ҳужжатларга имзо чекилган. Улар йил давомида босқичма-босқич олиб келинади.

Эслатиб ўтамиз, жами 56 та вагонли бу янги поездлар Россиянинг “Метровагонмаш” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, унда 250-300 нафар йўловчи бемалол кетиши мумкин бўлади.

Ҳозирча поездлар қайси ойда, қанча суммага олиб келиниши аниқ эмас.