Туркманистонда Ўзбекистонга газ етказиб бериш тўхтаб қолгани ортидан мансабдорлар ишдан олинди
Президент Сердар Бердимуҳамедов бош вазирнинг энергетика соҳасига масъул бўлган икки ўринбосарини лавозимидан озод қилди.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов республика ёқилғи-энергетика комплексида бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, бош вазирнинг икки ўринбосари – нефт-газ комплексига раҳбарлик қилган Шоҳим Абдураҳмонов ҳамда электроэнергетика, қурилиш ва саноат масалалари бўйича масъул Чоримурод Пурчеков ўз лавозимидан озод этилди.
Neftegaz нашрининг ёзишича, Туркманистон ёқилғи-энергетика комплексидаги ўзгаришлар «кутилган эди» ва шу йил январ ойида «Галқиниш» газ конида юзага келган ва Ўзбекистонга газ етказиб беришда узилишга олиб келган муаммолар билан боғлиқ. Бош прокуратура томонидан ўтказилган аудит шуни кўрсатдики, қўшни республикага газ таъминоти тўхтаб қолган 6 кун давомида етказилган зарар миқдори 59,7 миллион долларни ташкил этган.
Аввалроқ, Туркманистоннинг «Туркменгаз» давлат концернида 6 киши, жумладан, Моддий-техника ресурслари ва асбоб-ускуналар бошқармаси раҳбари Шуҳрат Аждаров ва «Туркменгазақдириш» уюшмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Чопанов ҳибсга олинган эди. Улар Туркманистондаги энг йирик «Галқиниш» газ конида юз берган авария ва январ ойининг совуқ кунларида Ўзбекистонга газ етказиб беришнинг тўхтаб қолишида айбдор деб топилган.
Turkmen.news хабарига кўра, Ўзбекистон томони газ етказиб берилишида узилиш бўлгани учун Туркманистондан катта миқдорда пул компенсацияси талаб қилган. Бироқ музокаралардан сўнг, Ўзбекистон томони етказилган зарар миқдорида суюлтирилган газ олишга рози бўлган. Туркманистон расмий матбуотида суюлтирилган газнинг бепул берилиши «қўшни давлатга дўстона ва биродарлик ёрдами» сифатида тақдим этилган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бу хабарни рад этиб, Туркманистондан газ етказиб берилишида узилиш бўлгани учун Ўзбекистон катта миқдорда пул компенсацияси талаб қилгани ҳақидаги хабар асоссиз эканини билдирди.
«Энергетика вазирлиги ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади… Шуни алоҳида таъкидлаймизки, Туркманистон томонидан Ўзбекистонга дўстона ва биродарлик билан қўллаб-қувватлаш мақсадида суюлтирилган газ партияси бепул тақдим этилди», дейилди хабарда.
Энергетика вазирлиги Туркманистон томонидан тақдим этилган суюлтирилган газ «яқин кунларда эҳтиёжманд оилаларга бепул тарқатилишини» қўшимча қилган эди.
Мавзуга оид
23:39 / 12.12.2024
Тошкент вилоятидаги «Чорбоғ» подстанциясида носозлик юзага келди
16:26 / 12.12.2024
Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди
15:25 / 06.12.2024
Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтиради
19:33 / 05.12.2024