“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Маркетинг лойиҳалар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўлими ходими Икром Шодиев апрелга қадар шаҳарга олиб келиниши кутилаётган минг дона янги автобус ҳақида Kun.uz мухбирига маълумот берди.

Унинг айтишича, ҳозирда бу борада Хитой компаниялари билан шартномалар тузилиб, келишувларга эришилган.

— Шаҳар ҳавосига жамоат транспортидан чиқадиган зарарли моддалар миқдорини камайтириш мақсадида, жамоат транспортини янгилаш дастури асосида шу йил биринчи чораги давомида минг дона янги, замонавий автобус харид қилиниши белгиланган. Мана шу минг дона автобуслардан 700 таси сиқилган табиий газда, 300 таси эса тўлиқ электрда юради (электробус). Бу автобуслар келтирилиб, йўналишларга чиқарилганида шаҳар ҳавосига жамоат транспортидан чиқадиган зарарли моддаларнинг миқдори бир неча баробар камайиши учун имконият яратилади. Янги автобус йўналишлари ҳам очилади.

Мингта автобуснинг 200 таси 18 метрли узунликда бўлади, улар йўловчи оқими катта бўлган йўналишларга қўйилади.

Автобусларни харид қилиш бўйича ўрнатилган тартибда шартномалар ҳам имзоланган. Хитойнинг “King Long” ва “Yutong” деган компаниялари билан шартномалар тузилган. Булар асосида февралнинг охиридан бошлаб автобуслар келиши режалаштирилган.

Илгари йилига 100-200 та автобус олиб келинарди, 1 йилнинг ўзида минг дона келиши катта миқдор ҳисобланади. Бу транспортлар шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга, янги йўналишлар очишга катта ёрдам беради.

— Шартнома қийматини очиқлай оласизми?

— Тижорий сир бўлгани учун, узр, буни аниқлашнинг иложи йўқ. Лекин бир нарсани айтиб ўтаман, шартномаларни тузиш учун транспорт вазири бошчилигида ишчи гуруҳ, яъни махсус харид комиссияси тузилган. Бу ишчи гуруҳ ХХРга борган ҳолда ишлаб чиқарувчи 8 та заводнинг ҳаммасига кирган, салоҳияти ва имкониятини ўрганиб чиққан, уларнинг қанчалик сифатлилигини аниқлаш мақсадида ўша жойнинг ўзида ишлатиб ҳам кўрган. Харид қилинаётган автобуслар бўйича бошқаларнинг фикри ҳам ўрганилган. Ўрганишлар натижасида мана шу “Yutong” ва “King Long” деган компаниялардан автобус харид қилишга келишилган.

King Long компаниясининг бўғинли автобуси / Фото: China Buses

Бир нарсани ҳам айтиш жоизки, автобуслар жуда катта чегирма билан сотиб олинмоқда. Мингта автобус учун тузилган 3 та шартномадан ташқари, Хитойдаги ўша заводлар шу қийматнинг ичида беғараз тарзда 2 та 18 метрли, 2 та 12 метрли электробус беряпти; бундан ташқари, Тошкент шаҳрида тўлиқ жиҳозланган сервис станциялари ташкил этиш ва автобусларни автомат ювиш ускуналари ҳам беғараз берилади, яъни шартнома қийматининг ичида. Қолаверса, шартнома қийматининг 1 фоизи миқдорида (бир неча миллион доллар тўғрисида гап кетяпти), эҳтиёт қисмларини бериши ҳам келишилган.0