Ўзбекистон | 01:12 / 19.02.2023
22023
2 дақиқада ўқилади

1 йилда 75 аскар касаллик сабаб уйига қайтган. Мудофаа вазирлиги ота-оналарга мурожаат қилди

2022 йил давомида 75 нафар муддатли ҳарбий хизматчи ҳарбий хизмат билан боғлиқ бўлмаган касалликлар сабаб уйига қайтарилган. Мудофаа вазирлиги масъуллари тиббий маълумотномаларни сохталаштириш орқали ҳарбий хизматга бориш оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Фото: Kun.uz

Мудофаа вазирининг матбуот котиби, полковник Отабек Йўлдошев соғлигининг ҳолатидан қатъи назар муддатли ҳарбий хизматга боришнинг йўлларини изловчи йигитлар ҳақида сўз юритди. Унинг айтишича, бу ҳужжатларни сохталаштириш ҳолатларига олиб келмоқда.

“Натижада биз буларни аниқлаб, ноиложликдан ўзимизнинг клиник ҳоспиталда даволашга мажбурмиз. Ҳозирги кунда ҳарбий хизматнинг жисмоний, руҳий юкламалари олдинги армияга қараганда 2 баробарга ошган. Бу юкламага соғлом йигитгина бардош бера олади. Афсуски, носоғлом йигитларимиз кўнгилсиз ҳолатлар рўй беришигача олиб боришяпти.

Ота-оналардан илтимос қилиб қолардик, фарзандларингизнинг касаллигини беркитманглар. Касаллик беркитилса, ҳарбий хизмат давомида юзага чиқиб, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин”,деди Отабек Йўлдошев АОКАдаги матбуот анжуманида.

Мудофаа вазирининг матбуот котиби, полковник Отабек Йўлдошев / Фото: АОКА

Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи тиббий хизмат полковниги Баҳодир Абдулаҳатовнинг маълум қилишича, биргина 2022 йилнинг ўзида 75 та муддатли ҳарбий хизматчи ҳарбий хизмат билан боғлиқ бўлмаган касалликлар билан қайтиши ҳолатлари кузатилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳарбий хизматнинг муддатли ҳарбий хизмат, сафарбарлик чақирув резервидаги ҳарбий хизмат, контракт бўйича ҳарбий хизмат турлари мавжуд бўлиб, муддатли ҳарбий хизматга саломатлиги жойида бўлган йигитлар 18-27 ёш оралиғида боришлари мумкин.

Аввалроқ Сурхондарё ва Қашқадарёда икки аскар муддатли ҳарбий хизматни ўташ пайтида вафот этганди. Расмийлар уларнинг ўлимига туғма касалликлар сабаб бўлганини таъкидлашган. Қарши туманидаги ҳолатни текширган ҳарбий прокуратура аскарнинг ўлимида жиноят аломатлари йўқ деб деб топган.

Мавзуга оид