Жаҳон | 13:00 / 20.02.2023
11829
2 дақиқада ўқилади

Орбан: Будапешт - Москва билан иқтисодий алоқалар тарафдори

Венгрия бош вазирининг фикрича, Европа «Россия билан билвосита уруш ҳолатида», бироқ муносабатларсиз «ўт очишни тўхтатиш ҳам, тинчлик музокаралари ҳам бўлмайди».

Фото: AP

Будапешт Москва билан алоқаларни сақлаб қолиш ниятида ва Европа Иттифоқи Украинага бостириб киргани учун Россияга қарши ягона фронтда қаршилик кўрсатишга уринаётганига қарамай, бошқа мамлакатларни ҳам шундай қилишга ундайди. Бу ҳақда Венгрия бош вазири Виктор Орбан 18 февраль куни халққа йиллик мурожаати чоғида маълум қилди.

«Биз Россия билан иқтисодий алоқаларни давом эттирамиз ва бутун Ғарб оламига шуни тавсия қиламиз, чунки муносабатларсиз ўт очишни тўхтатиш ҳам, тинчлик музокаралари ҳам бўлмайди», — деди Орбан.

«Венгрия ҳукумати Россия Венгрия ёки Европа хавфсизлигига таҳдид солади, деган тахминни реал деб ҳисобламайди», — дея қўшимча қилди сиёсатчи. Унинг сўзларига кўра, Европа «урушга киришиш арафасида эди». «Аслида у аллақачон Россия билан билвосита уруш ҳолатида», деди бош вазир ва Венгриядан фарқли ўлароқ, НАТО ва Европа Иттифоқининг бошқа барча аъзолари урушни қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин Венгрия Европа Иттифоқининг Киевни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларини бир неча бор тўсиб қўйган ва унга қурол етказиб беришда иштирок этмаган. Шу билан бирга, Будапешт Москвага қарши санкцияларнинг аксарият қисмини қўллаб-қувватлади, бош вазир Виктор Орбан эса Россия агрессиясини қоралади.

Мавзуга оид