Жаҳон | 16:40 / 01.03.2023
13124
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда областларнинг советча номларидан воз кечиш таклиф этилди

Улитов области раҳбари Қозоғистонда ҳамон айрим регионлар советча номларини сақлаб қолаётганига эътироз билдириб, Павлодар областини Баяновул деб қайта номлашни таклиф этди. Мамлакат ҳукумати «мафкуравий жиҳатдан» эскирган минглаб номлар ўзгаришини анонс қилган.

Фото: Яков Князев / ТАСС

Улитов области акими (раҳбари) Берик Абдигалиули «Улитов областининг маънавий тараққиёти» номли анжуманда Қозоғистондаги советча номлар қозоқчага ўзгартирилиши республика аҳолисини илҳомлантириши ҳақида гапирган.

«Чунки советлар даврида областларга маъмурий ном бериш анъанаси бўлган. Ҳозирга қадар шундай номларини сақлаб қолган регионлар бор», — деган Абдигалиули.

Informburo нашри хабарига кўра, у Павлодар областини Баяновул, Шимолий Қозоғистон областини Қизилжар, Ғарбий Қозоғистон областини Акжайик, Шарқий Қозоғистон областини эса Алтай области деб қайта номлашни таклиф этган. Аким булар «минг йиллик тарихга эга муқаддас ерлар» эканини таъкидлаган.

У яқинда ташкил этилган Жетисув ва Абай областлари (улар аввал Алмати ва Семипалатинск областлари таркибида бўлган) «қозоқларнинг муқаддас ерлари ва буюк шахслари шарафига номлангани»ни эслатган. У бир йил олдин ташкил этилган ва ўзи раҳбарлик қилаётган Улитов вилоятини Марказий Қозоғистон области деб номлаш бўйича таклифлар бўлгани, аммо президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «адолатли ва тарихий қарор» қабул қилганини айтиб ўтган.

Қозоғистон ҳукумати жорий йил февралида 2025 йилгача 3 минг аҳоли яшаш манзиллари ва кўчаларнинг «мафкуравий жиҳатдан эскирган» номлари ўзгаришини анонс қилганди. Бош вазир ўринбосари Алтай Кулгинов «тарихий шахслар» рўйхати тузилиб, янги ном танлашда уларга таянилишини айтган. «Ном танлашда, албатта, маҳаллий аҳолининг фикри инобатга олинади, таклиф этилаётган номнинг тарихи ўрганилади», — деган у.

  • Маълумот учун, номлари Россия ёки советлар даври билан боғлиқ бўлган кўчалар ва аҳоли яшаш манзиллари номланишини ўзгариш жараёни айни вақтда Украинада амалга оширилмоқда. Бу жараён Россия босқинидан кейин фаоллашган.

Мавзуга оид