“Ҳозир жуда ҳам ҳаяжондаман, таассуротларимни қандай тасвирлаб беришни ҳам билмайман. Бизни қўллаб турган ҳаммага, президентга, одилона ҳукм чиқарган судга раҳмат айтмоқчиман. Келгусида IT йўналишидаги фаолиятимни давом эттираман”, – деди Сардор Раҳмонқулов.
Унинг онаси Саида Сайдалиева ҳам жамоатчилик ва президент қўллаб-қувватловидан миннатдор эканини билдирди.
“Жуда ҳам ҳаяжондаман, одил суднинг бу қароридан миннатдорман. Ўғлим унга президент томонидан берилган бу имкониятни оқлайди” дейди она.

Эслатиб ўтамиз, 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 3 йил олдин синфдошига юборган диний қўшиқ (нашида) диний қўмита хулосасига кўра, ақидапарастлик ғояси билан йўғрилган деб топилган эди. Тергов вақтида 7 ойдан кўпроқ қамоқда ўтирган Раҳмонқуловга 2023 йил 30 январь куни суд ҳукми ўқилиб, у 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Апелляция инстанциясининг ажримига мувофиқ, Сардор Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳукмга ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида озод қилинди.









