Ўзбекистонлик машҳур вайнер Фарҳод Манноповнинг ўлими сабаблари медиаоламда кенг муҳокама қилинмоқда. Операция вақтида беморда кузатилган хавфли гипертермия жуда кам учраши айтилмоқда.

Хусусий клиника мутахассислари, жумладан, беморни операция қилган шифокордан Фарҳод Маннопов билан содир бўлган ҳолатнинг олдини олиш имкони бормиди ёки йўқ, у бош қисмидан яқинда жароҳат олгани маълум бўлган бир пайтда нима учун шошилинч ринопластика амалиёти қилингани, бунга қанчалик зарурат бўлгани ҳақида изоҳ олмоқчи эдик, бироқ бунинг имкони бўлмади.

Шу боис боши кучли зарб еган бемор операциядан олдин нейрохирург ва травматолог кўригидан ҳамда тегишли диагностик текширувлардан ўтиб, кейин операция столига ётганми ёки йўқ, операция пайтида беморда қон кетиш кузатилмаганми, Манноповнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қандай чоралар кўрилгани ҳақидаги саволларимиз ҳам очиқ қолди.

“Фарҳод Манноповнинг вафоти юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан 5 март куни Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) тегишли бандлари томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, касб ёки хизмат вазифаси лозим даражада бажарилмаганига ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига шифокорларнинг ҳаракати юзасидан хизмат текширувлари тайинланган. Бундан ташқари, марҳумнинг вафоти юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Мазкур текширувлар бўйича хулосалар олингандан кейин тергов натижасига кўра қўшимча маълумот берилади”, деди Чилонзор тумани прокуратураси катта терговчиси Отабек Бекиев.

Чилонзор тумани прокуратураси катта терговчиси Отабек Бекиев

Бош прокуратуранинг баёнотида вайнернинг ўлими бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани таъкидланади. Одатда касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одамлар ўлимига ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, ушбу модданинг шу қисми бўйича иш очилади.

Тергов фақатгина Манноповнинг ўлими бўйича очилганда 116-модданинг 3-қисми билан иш қўзғаш етарли бўларди. Чилонзор тумани катта терговчиси бу ҳақдаги саволимизга жавоб бераркан, Фарҳод Маннопов операция қилинган клиникада бошқа ўлим ҳолатлари ҳам кузатилганини инкор этмади.