“Мактабда юзага келган низоли ҳолат бўйича ўқувчининг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган” – вазирлик
Яшнобод туманидаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида юзага келган ҳолатни ўрганиш мақсадида вазирлик ишчи гуруҳи тузилди. Масъулларга кўра, ўрганиш натижалари жамоатчиликка маълум қилинади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг топшириғи билан Яшнобод туманидаги 152-мактабда педагог ва 8-синф боласи ўртасидаги жанжалли воқеа ҳамда муассасадаги таълим ва тарбия жараёнлари ўрганиладиган бўлди.
“Айни дамда ўқитувчининг мактабдаги носоғлом муҳит бўйича ижтимоий тармоқ фаолларига мурожаати кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шу ўринда жамоатчилик вакилларидан ҳар икки томонни ўргангандан сўнг холис ахборот тарқатишларини сўраймиз, шунингдек улар ҳам вазирлик ишчи гуруҳи билан биргаликда ўрганиш жараёнларида иштирок этишлари мумкин.
Шу ўринда ўқитувчилардан ҳам ўқувчилар билан зиддиятли вазият юзага келганда, педагогга хос бўлган таъсир чораларини қўллаши лозимлигини, ҳар қандай ҳолатда ўзини қўлга олиб, боланинг ота-онаси билан биргаликда муаммога ечим топиши зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз”, – дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, вазирликка кўра, мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида юзага келган низоли ҳолат бўйича ўқувчининг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Суд қарори билан ўқувчининг онаси ва мактаб ўқитувчисига нисбатан маъмурий чоралар қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, 152-мактабда ишлаб келган ва шу ҳолатдан кейин ишдан бўшатилган ўқитувчи Гулчеҳра Мамажонова тарқатилган видеодаги айрим ҳолатлар кесиб ташлангани, провокацион қисмлари қолдирилиб, атайлаб тарқатиб юборилгани ҳақида ёзганди. Шунингдек, у ёзган постида ўзи ишлаган таълим муассасасида носоғлом муҳит борлигини қайд этиб ўтган.
Мавзуга оид
11:44 / 30.10.2024
3 ёшли боланинг қотили Жиноят кодексининг 5 та моддаси билан айбланмоқда
12:10 / 24.10.2024
Ўқувчилар ота-оналари қайси маҳсулот истеъмолига рухсат бермаслиги айтилди
12:58 / 17.10.2024
Сирдарёда 1-синф ўқувчиси игна санчиш билан жазоланаётгани айтилмоқда
12:10 / 10.10.2024