17:04 / 04.04.2023
5330

Қаршида 35 туп манзарали дарахт тунда кесиб кетилди

Дарахткушларга 151 млн 650 минг сўм зарар ҳисобланган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳар “Табассум” МФЙ ҳудудида кўп йиллик тут, элдор қарағайи ва бошқа турдаги манзарали дарахтлар тунда номаълум шахслар томонидан кесиб ташлангани ҳақида хабар тарқалди. Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳолатни тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Қарши шаҳар “Табассум” МФЙ ҳудудидаги тугалланмаган қурилиш биноси олдидаги 35 туп ҳар хил турдаги катта-кичик дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташланган.

Мазкур ҳолат бўйича ўсимлик дунёсига етказилган 151 млн 650 минг сўм зарар ҳисобланган ҳамда ҳолат юзасидан расмийлаштирилган барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Қашқадарё вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Қарши ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Қаршидаги дарахткушлик ҳақида Экологик партиянинг Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан берилган илк хабарда дарахтларнинг сони 35 туп экани айтилганди.

Бироқ, кейинчалик Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан эълон қилинган муносабатда уларнинг сони негадир 30 туп деб кўрсатилди

Top