Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи шу уйда фаолият юритган. Уй ижарага олинган. / Фото: Kun.uz

Хоразмдаги оилавий болалар уйида тарбияланган қизларга нисбатан содир этилган жинсий жиноят ишини апелляция судида кўриб чиқиш 27 апрель куни бошланган. Суд жараёни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz'га Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Акром Ўтаев маълум қилди.

“Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйининг собиқ раҳбари Юлдуз Худойберганова биринчи инстанция суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган бўлиб, 27 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида уни айни пайтда жазони ўтаётган жойда Тошкент шаҳрига келтириш ҳақида қарор чиқарилган. Суднинг навбатдаги мажлиси 4 майга белгиланган”, дейди Акром Ўтаев.

Олий суд мулозимига кўра, Урганчдаги оилавий меҳрибонлик уйининг 15-17 ёшли тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келган, ушбу жинояти учун биринчи инстанция суди томонидан 1,5 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов айни пайт очиқликда бўлиб, уларга нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ эҳтиёт чораси қўлланмаган.

Судья буни суд жараёни эндигина бошлангани, ҳали икки мансабдор шахс судга ҳам чақирилмагани билан изоҳлади. Унинг тушунтиришича, Юлдуз Худойберганова Хоразмдаги жазони ижро этиш муассасасидан Тошкент шаҳрига кўчириб келтирилгандан сўнг судда даставвал унинг кўрсатмалари тингланади. Сўнгра жиноят ишидаги бошқа айбланувчилар, жабрланувчилар ва гувоҳлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сўроқ қилинади, кўрсатма беради.