Биринчидан: Тошкент вилояти ИИББ тезкор-қидирув тадбирлари давомида 21 ёшли йигитни “Сурияда фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушиш ҳамда ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган”ликда айблаган.
Ваҳоланки, суд ҳукмида ҳам, айбланувчининг яқинлари Kun.uz'га тақдим қилган, Янгийўл туман ИИБ терговчилари имзоси билан тасдиқланган айблов хулосасида ҳам бундай маълумот йўқ.
Иккинчидан: ИИББ Жаҳонгир Улуғмуродовни “халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида интернет орқали “жиҳод” ва “шаҳидликка чорлов” маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган”ликда ҳам айблаган.
Айблов хулосасида ҳам, суд ҳукмида ҳам бундай маълумот йўқ.


4 варақдан иборат айблов хулосасида талаба йигитнинг фақатгина бир ҳаракати борасида маълумотлар, шунингдек ўзи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари берилган. Яъни Жаҳонгир Улуғмуродов – YouTube платформасидаги ўзи маъносини яхши тушунмаган диний қўшиқнинг ҳаволасини (нашиданинг ўзини эмас) гуруҳга юборгани ҳақида кўрсатма берган. Суд ҳукми ҳам айни ушбу маълумотни тасдиқлаб турибди.
Яъни, айбланувчи ИИББ айтганидек ноқонуний материалларни “тарқатиш билан шуғулланган” эмас, балки бир маротаба Telegram гуруҳга юборган. Шунингдек, Жаҳонгир Улуғмуродов айблов хулосасида ҳам нашид маъноларини тушуниб етмагани, билмасдан тарқатгани ҳамда айбидан пушаймон экани ёзилган.
Учинчидан, ИИББ баёнотидаги “халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида”, деган маълумот, ҳужжатларга таянилса, туҳмат бўлиб қолмоқда.















