«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин ва РФ мудофаа вазирлиги Донецк областининг 2022 йил июлидан буён жанглар кетаётган Бахмут шаҳри эгаллангани ҳақида эълон қилди. 20 май куни Пригожин ўз жангчилари билан шаҳарнинг вайрон бўлган кварталлари фонида тургани акс этган видеони эълон қилди. Бир неча соат ўтиб унинг матбуот хизмати шаҳарнинг турли районларидаги биноларда байроқлар кўтарилгани кадрларини намойиш этди. Бир неча ойдан буён Пригожин билан ўзаро зиддиятда бўлиб келаётган РФ мудофаа вазирлиги 21 майга ўтар кечаси Артемовскнинг (Бахмутнинг советча номи, Россия ҳукумати ҳам шаҳарни шу ном билан атайди) «озод этиш» жараёни якунлангани ҳақида эълон қилди.

Вазирликнинг қайд этишича, Бахмутни эгаллашда «Вагнер» штурм отрядлари, шунингдек Россия мунтазам армиясининг «Жануб» қўшинлари гуруҳи артиллерияси ва авиацияси иштирок этган. Пригожин ўз нутқида шаҳар фақат унинг ёлланма жангчилари томонидан штурм қилинганини таъкидлаган: «Бу ерда [мудофаа вазирлиги спикери Игор] Конашенков айтганидек, ҳаво-десант кучлари ёки бизга ёрдам бера оладиган бошқа ҳеч ким йўқ эди. Биз ўзимизга ўзимиз ёрдам бердик».

«Вагнер» ўз нутқида РФ ҳарбий раҳбариятини яна бир бор танқид қилиб, Бахмутда унинг ёлланма жангчилари «ҳарбийлашган бюрократлар»га қарши ҳам курашганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов «урушни ўз кўнгилхушлигига айлантирган шахслардир». Вазирлик унинг танқидларига жавоб қайтармаган.

РФ президенти Владимир Путин ёлланма жангчилар ва россиялик ҳарбийларни шаҳар эгаллангани муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Россия ахборот агентликлари Кремл матбуот хизматига таянган ҳолда хабар бермоқда. 21 май тонгида Кремл сайтида ҳам шунга ўхшаш хабар пайдо бўлди. «Ўзини кўрсатганларнинг барчаси давлат мукофотларига тақдим этилади», — дейилади тарқатилган баёнотда.

Украин ҳарбийлари ва мулозимлари Бахмут бой берилганини тасдиқламаган. Хусусан, Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр телеграм-каналида Бахмутда «оғир жанглар кетаётгани, вазият ўта оғирлиги» ҳақида ёзди.