22 май куни Россиянинг Белгород области губернатори Вячеслав Гладков «Украина қуролли кучларининг қўпорувчилик-разведка гуруҳи Грайворонский райони ҳудудига киргани»ни маълум қилди. Ундан аввалроқ ушбу ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кремл Россия президенти рўй бераётган воқеалардан хабардор қилингани ҳақида маълум қилган. Украина ҳарбий разведкаси операция Россия фуқароларидан иборат тузилма томонидан «хавфсизлик зонаси» ташкил этиш мақсадида амалга оширилаётганини маълум қилди.

Украинанинг «Скринька Пандори» телеграм-канали куннинг биринчи ярмида Россиянинг чегарадаги «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктида танклар ва артиллерия воситасида ҳарбий ҳаракатлар кетаётгани ҳақидаги хабар ва видеони тарқатди. Ижтимоий тармоқларда воқеа жойида олингани айтилган ва битта танк томонидан зарба йўлланаётгани акс этган видео кенг тарқалди.

Россия мудофаа вазирлиги ҳозиргача жанглар ҳақида хабар бермади.

Регион раҳбарияти аввалига чегарадаги посёлкаларга диверсантлар кириб келгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади ва ҳудудлар ёппасига ўққа тутилаётганини маълум қилди. Губернатор Гладков куннинг биринчи ярмида соат 9 дан бошлаб бир соат давомида Грайворон шаҳар округи «Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилгани» ҳақида айтган. Шунингдек, у тинч аҳоли вакилларидан ҳеч ким ҳалок бўлмагани ва жабрланмаганини билдирганди. 

Губернатор чегарадаги аҳоли яшаш пунктларидаги аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисидаги маълумотни ҳам рад этганди, аммо интернетда аҳоли ўзи мустақил равишда яшаш жойларини тарк этаётгани ва йўлларда тирбандликлар ҳосил бўлгани, шунингдек, аҳолини олиб кетиш учун эвакуация автобуслари юборилаётгани акс этган видеолар тарқалган.

Кремл матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков эса журналистларга мудофаа вазирлиги, ФХХ ва чегарачилар президент Владимир Путинга «украин диверсия гуруҳининг Белгород областига бостириб киришга уриниши» тўғрисида ҳисобот берганини маълум қилди. «Россия ҳудудидан украиналик диверсантларни сиқиб чиқариш ва йўқ қилиш ишлари олиб борилмоқда, воқеа жойида етарли куч ва воситалар мавжуд», дея ҳукумат позициясини ифода этган Песков.

Песков илгари сурган версияга кўра, Белгород областидаги Украина диверсиясининг мақсади эътиборни Бахмут йўналишидан чалғитиш, Украина томонининг Артёмовскни йўқотишидан сиёсий таъсирни минималлаштиришдир.