Ўзбекистон | 18:16 / 26.05.2023
10138
2 дақиқада ўқилади

Мактабдаги баҳолар ОТМга кириш имтиҳонларида ҳисобга олиниши бўйича тартиб қайта кўриб чиқиляпти – БМБА

Мактаб баҳоларини ОТМларга кириш имтиҳонларида ҳисобга олиш тўғрисидаги қарорга ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Масъулларга кўра, кўриб чиқилиши керак бўлган ҳолатлар юзага келган.

Фото: Norma.uz

Мактабда олинган ўртача баҳоларни кириш имтиҳонларида ҳисобга олиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган ва бу тартиб 2023 йилги қабулдан амалга оширилиши керак эди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан қабул масалаларига бағишланган аудиочатда маълум қилинишича, бу тартиб қайта кўриб чиқиляпти.

“Чунки бу қарор бўйича кўриб чиқилиши керак бўлган айрим ҳолатлар юзага келяпти. Бу тартиб амалга киритилмайди деб тўлиқ айтолмаймиз. Ҳали ўзгаришлар қандай бўлишини тўлиқ билмаймиз. Тегишли тартибга ўзгартиришлар киритилгандан сўнг маълумот берсак тўғрироқ бўларди”, деди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ходими Жамшид Одилов.

Қўшимча қилинишича, бу бўйича яқин орада тўлиқ маълумот берилади.

Шунингдек, кириш имтиҳонларида тушадиган саволларнинг даражаси қандай бўлиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Унга кўра, енгил ва қийин даражадаги саволлар битта вариантда 15 фоиздан 25 фоизгача бўлиши мумкин. Ўрта қийинликдаги саволлар эса битта вариантда 50 фоиздан 70 фоизгача нисбатда бўлади.

 

Мавзуга оид