Руҳни ҳам, жисмни ҳам озуқасиз қолдириб бўлмайди. Инсонда умумий икки катта эҳтиёж мавжуд. Булар – маънавий ва моддий эҳтиёж. Ҳар иккисининг ўрни, даражаси ва аҳамияти ҳаммамизнинг ҳаётимизда катта рол ўйнайди. Баъзан моддият кетидан қувиб, тирикчилик дардида юриб ўзимизда маънавий бўшлиқ пайдо қилиб қўямиз. Бу томондан узилиб қоламиз. Акси ҳолатда эса руҳий қувватимиз бўлмиш маънавий озуқага шўнғиб кетиб, моддий томондан оқсаймиз. Бу эҳтиёжлар ипи учларини туташтириш кишидан катта меҳнат талаб қилади. Иккиси ўртасидаги мувозанатни ушлаб туриш ҳар доим ҳам қўлимиздан келавермайди. Бу машаққат.

Замонавий ўзбек адабиётининг таниқли вакилларидан бири Улуғбек Ҳамдам ўзининг “Мувозанат” асарида айни шу мавзуни кўтарган. Асардаги мавзу ва муаммолар асрий масалалардир. Ҳар қачонга, ҳар кимга, ҳар даврга тегишли муаммолар. Бош қаҳрамон Юсуф қийинчиликлар билан бўлса-да, олтин ўрталиқни, яъни эҳтиёжлар ўртасидаги мувозанатни топа олади.

Сюжет:

Тарих факултетида ўқиган Юсуф мана 35 ёшга киради ҳамки, ҳали ҳеч нарса орттиролгани, бирор арзирли иш бошлаёлгани йўқ. Бир ўғилчаси ва аёли билан ижарама-ижара шаҳарда яшайди. Ҳафтасига бир-икки кун университетда дарс бериб келишини айтмаса, деярли бекорчи. Қишлоққа, ота-онасига бирор нарса кўтариб боришга-да қурби етмайди.

Ўзбекистон янги мустақил бўлган даврлар... ҳамма тизимда муаммолар етарлича, камбағаллар қашшоқлашган, ўрта ҳоллар камбағаллашган. Олимлар, илмпарварлар, маърифат соҳасидагилар бир четга сурилиб, ҳамма қорин дардига тушган, моддий эҳтиёж юқори даражага чиққан чоғлар.

Юсуф билан бирга ўқиган Саид ва Миразим аллақачонлар ўз йўлларини топиб кетган. Миразим савдода мамлакатдаги йирик савдогарга айланган бўлса, Саид катта бир амалдорнинг қизига уйланиб, ўзи ҳам мансаб чўққиси томон юқорилагандан юқорилайди. Юсуф эса ҳар иккисига қизиқмади. Савдога унда иқтидор, мансабга эса қизиқиш, хоҳиш етишмади. У илм одами эди. Аммо илм унинг даврига келиб қадрсизланди. Қорин-қурсоқ биринчи даражада турадиган бўлди.

Ночорликдан кўчада қолишга мажбур бўлган Юсуфни аёли ташлаб, қишлоққа кетиб қолди. Боши берк кўчада қолган, аммо қандай бўлмасин йўл топиб чиқишга мажбур бўлган йигит ўзини ҳар соҳага уриб кўрди. Устачилиг-у савдогарлик билан шуғулланди. Илмдан воз кечмаслик баробарида моддий жиҳатдан ҳам ўзини ўнглаб олишга тиришди. Юсуфнинг қишлоққа кетган бир ярим ёшли ўғилчаси докторларнинг очкўзлиги, эътиборсизлиги, маънавий қашшоқлиги сабаб оламдан ўтди.