Ўзбекистон | 08:54 / 19.06.2023
2966
2 дақиқада ўқилади

БМТ Оролбўйи траст фондига Япония ҳукумати ресурслари жалб қилинади

Фото: Дунё

Ўзбекистоннинг Токио шаҳридаги элчихонасида Япония парламенти қўйи палатаси аъзоси Морияма Хироюки билан музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Учрашувда асосий эътибор Ўзбекистондаги бугунги экологик ҳолат ва долзарб масалаларга қаратилиб, иқлим ўзгариши ва экологик масалалар мамлакатга ўз салбий таъсирини кўрсатаётгани, хусусан бу жараёнлар Марказий Осиёда дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларига қараганда анча жадал кечаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қурғоқчилик ва сув танқислигига қарши курашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш борасида қатъий ҳаракатлар амалга оширилаётгани маълум қилиниб, Япония кўп йиллардан буён Ўзбекистоннинг атроф муҳитни ҳимоя қилиш йўналишидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаётгани ва кўплаб экологик муаммоларнинг ечимида кўмак бераётгани қайд этилди.

Хироюки Морияма Орол денгизидаги экологик вазият бугунги кунда тобора  глобал муаммога айланиб бораётганлигини, ушбу ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича дунё мамлакатлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Томонлар БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондига Япония Ҳукумати ва ташкилотлари ресурсларини мобилизация қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи, тозаловчи, дренаж сувлари сифатини оширувчи илғор япон технологияларни кенг жорий этиш ҳамда Япониядаги илк порт шаҳар – Осака префектурасидаги Сакаи шаҳри билан ҳудудлараро алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид